Президент Оксана Чусовитинанинг фаолиятига алоҳида тўхталди
Президент Шавкат Мирзиёев Олимпиадада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни қабул қилди. Давлат раҳбари тадбир давомида афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитинанинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Биз ҳаммамиз яхши биламиз, у илк Олимпиада ўйинларидаги иштирокини 1992 йили Барселонада бошлаган эди. Шундан буён танаффуссиз саккиз марта Олимпиада ўйинларида иштирок этди. Бу ҳақиқатан ҳам Гиннес рекордлар китобига кирган дунё спорти тарихидаги улкан ҳодисадир.
Оксана Александровнанинг Токио Олимпиадасидаги навбатдаги иштироки муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Дунё жамоатчилиги Оксананинг ўзига қатъий ишончини намоён қилган ҳар бир чиқишини ҳайрат ва ҳавас билан тўлқинланиб кузатиб борди.
Биз бундай афсонавий спортчиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, ғалабага бўлган интилиши ёш спортчилар учун ўзига хос юксак натижалар ва шон-шуҳрат мактаби бўлиб хизмат қилади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилгани маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари Оксана Чусовитинанинг келгуси мураббийлик фаолиятига омад тилаб, унинг спорт оламидаги катта тажрибаси бўлажак чемпионларни тарбиялашга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Президент Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича топшириқ берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter