Президент Нукусдаги кўп қаватли уйларда жойлашган боғча ва поликлиника фаолияти билан танишди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг «Қумбуз овул» маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу ерда 5 қаватли 10 та арзон уй қурилган. Уларда барча шароит ва қулайликлар яратилган. «Навше» номли боғча болалар онгини ўстирадиган турли инвентарлар, ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган.
Оилавий поликлиника ҳудуддаги 8 та маҳалланинг 46 мингдан аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассаса сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган.
Электрон қабул тизими йўлга қўйилган. Одамлар уйда туриб, онлайн тарзда навбатга ёзилиши ва белгиланган вақтда шифокор қабулига келиши мумкин. Поликлиниканинг ўзида ижтимоий дорихона очилган.
Президентимиз шифокорлар билан суҳбатда поликлиникага келганларга сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга ҳудуддаги аҳолини патронаж қилиш, ҳар бир одамнинг ҳароратини билиш кераклигини таъкидлади. Касаллик варақаларини электрон шаклга ўтказиш, замонавий тиббиёт ютуқлари асосида ишлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда Абдамбетов кўчасида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар, бўлажак «Nukus city» шаҳарчаси тақдимоти ўтказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter