Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент матбуот котиби Сирдарё вилоятидаги портлаш бўйича изоҳ берди

Президент матбуот котиби Сирдарё вилоятидаги портлаш бўйича изоҳ берди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қурол-яроғ сақланадиган омборлардан биридаги портлаш ҳақида маълумот бериб ўтди.

— Бундай техноген характердаги ҳодисалар ҳақида Президентга зудлик билан хабар берилади. Ушбу вазиятда ҳам давлат раҳбарига тезликда ахборот берилди ва Президентимиз томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойига юборилди.

Ишчи гуруҳ дарҳол талофотлар таҳлили билан шуғулланди. Бундан ташқари Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талофотлар оқибатини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланди.

Бу ўринда энг аввало аҳоли хонадонларини зудлик билан таъмирлаш ҳамда тадбиркорлар фаолиятини тезда қайта йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Фаол ҳаракатлар натижасида охирги бир суткада 10 минг квадрат метрдан зиёд ойна етказиб берилди ва бундан ташқари аҳоли ва тадбиркорларга тегишли биноларнинг том қисми деярли тўлиқ таъмирланди.

Портлаш натижасида 17 киши жароҳатланган эди, айни вақтда касалхонада 7 киши даволанмоқда ва уларнинг барчаси ҳарбийлар бўлиб, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган барча ҳамюртларимизга кўмак берилиб, уйига юборилган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардим, ОАВ ва блогерлар томонидан турли саволлар пайдо бўлмоқда — якка портлаш нима дегани ўзи? Якка портлаш — кейинчалик ҳеч қандай детонация бермайдиган портлашдир.

Техноген ходиса рўй берган омбор XX асрнинг 40 йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол яроғ сақланар эди. Аммо 2016 йилдан сўнг Президентимиз топшириғига кўра барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда.

Барча объектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади.

Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талофот бўлмади. Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди.

Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бунга олиб келган барча омиллар инобатга олиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинади. Ушбу ҳолат Президентимиз назоратидаги масаладир, — деди Шерзод Асадов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг