Пойтахтимиз Тошкент яна бир нуфузли турнирга мезбонлик қилди
Пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида ўтказилган NBU CUP ITF JUNIORS J200 халқаро турнири 30 га яқин мамлакатнинг 100 нафардан зиёд 18 ёшгача бўлган иқтидорли ракетка усталарини жамлади.
Халқаро теннис федерацияси рейтингида кучлилар сафида бораётган маҳоратли спортчилар қатнашган беллашувларда 11 нафар ўғил ва 9 нафар қиз теннисчилари юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Тўққиз кунлик саралаш баҳслари натижасида ҳамюртларимиз Артур Ибрагимов ва Илья Игнатов жуфтлик мусобақаларининг ярим финалигача етиб боришди.
Ярим финал беллашувлари сарҳисобига кўра, ўғил болалар ўртасидаги финал мусобақасида нидерландиялик Абель Форгер ва россиялик Амирхамза Насрединов, қизлар ўртасида финалда эса Юлия Перапехина ҳамда Дарья Егорова( Россия) баҳс олиб борадиган бўлишди.
Қизлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида россиялик Юлия Перапехина/Ксения Смирнова – Екатерина Агуреева/Дарья Егорова, ўғил болалар жуфтлигида Абель Форгер(Нидерландия)/Макс Стензер(Германия) - Артем Богомолов/Иван Гретецкий (Россия)лар бош соврин учун курашиш имкониятига эга чиқишди.
Мазкур NBU CUP ITF JUNIORS J200 халқаро турнири ҳақиқий истеъдодларни кашф этиш майдони бўлди. Муросасиз баҳслар натижасида яккалик беллашувларда нидерландиялик Абель Форгер ва россиялик Юлия Парапехина ғолибликни тантана қилган бўлса, жуфтлик ўртасида кечган мусобақада Юлия Перапехина/Ксения Смирнова ҳамда Артем Богомолов/Иван Гретецкий (Россия) муваффақиятга эришди.
-Бу каби турнирлар Ўзбекистонлик теннисчилар учун энг катта маҳорат ва тажриба мактаби,-дейди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова. -Бу ерда халқаро миқёсдаги теннис усталарининг услублари намоён бўлади. Ҳам дўстлик, ҳам соғлом рақобат спортчиларнинг янги қирраларини очишга имконият яратади. Биз эса айнан шундай нуфузли мусобақаларни ташкиллаштиришда молиявий кўмак бериб келаётган «Ўзмиллийбанк»га миннатдорчилик билдирамиз. Умид қиламизки, ушбу турнирлар натижасиз қолмайди. Келгуси мусобақаларда ўзимизнинг теннисчилар ҳам юқори натижаларни қўлга киритадилар.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари, энг яхши кўрсаткичга эришган теннисчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, «Ўзмиллийбанк» АЖ Ўзбекистон теннис федерациясини ва мамлакатимизда теннисни ривожлантиришни доимо қўллаб-қувватлайди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро турнирларга мезбонлик қилиши ва теннисчиларимизнинг турли халқаро мусобақаларда ютуқларга эришишида аҳамият касб этмоқда.
Бинобарин, спорт нафақат саломатлик гарови, ҳамжиҳатлик ва дўстлик кафолати ҳам.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter