Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Унутилган миллий зеб-зийнатлар кўргазмаси бошланди

Унутилган миллий зеб-зийнатлар кўргазмаси бошланди

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида қашқадарёлик зaргар Шарифжон Раупов ижодига бағишланган «Унутилган тумор изидан» номли кўргазма очилди.

«Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кўргазмада анъанавий ўзбек заргарлик санъатининг йўқолиб бораётган мактаблари ва ушбу ҳунарнинг ғоявий, эстетик аҳамияти билан танишиш мумкин.

Кўргазма куратори Мақсуд Асқаров, экспозитор Сайёра Назарова оилавий қимматбаҳо буюмлар орқали маънавий хотира ва унинг жамиятдаги ўрнини тадқиқ этишга ҳаракат қилгани диққатга сазовор. Лойиҳа орқали заргарлик буюмлари ўтмиш ва келажак ўртасидаги маънавий кўприк сифатида кўриб чиқилгани эътиборли.  

Ташриф буюрувчилар заргарлик санъатининг турли мактаблари намуналари билан танишиб, анъаналарга бугунги кун нигоҳи билан назар ташлаш имконига эга бўлмоқда. Лойиҳа санъатшунослар, миллий маданият мухлислари ва кенг жамоатчилик учун қизиқарли.  

Айтиш керакки, бу ердаги барча экспонатлар  ўзбек заргарлик санъатининг турли мактабларига мос тарзда тайёрлангани билан аҳамиятли.  

–  Заргарлар сулоласининг олтинчи авлод вакилиман, – деди Шарифжон Раупов. – Бу кўргазмага 14 йил мобайнида тайёргарлик кўрдим. Унинг «Унутилган тумор изидан» деб номланишида ҳам ўзига хос маъно-мазмун мужассам. Бу ердаги барча зийнатлар қадимий сулолавий асбоблар воситасида тайёрланган. Ушбу асбоб-ускуналар бизга аждодлардан авлодга ўтиб келмоқда. XX аср бошларида Ўзбекистондан кўплаб заргарлик буюмлари четга олиб кетилган. Улар ҳозир Лувр, Эрмитаж ва бошқа музейларда сақланмоқда. Заргарликдаги айрим зеб-зийнатларнинг халқ орасида номи ҳам, ўзи ҳам ҳатто унутилиб кетган. Кўргазма заргарликнинг ана шу унутилган анъаналарини томошабинларга тақдим этаётгани билан аҳамиятли.  

Дарҳақиқат, ушбу кўргазмада жуда қадимий ва ноёб заргарлик буюмларининг бетакрор намуналари билан танишиш имконияти яратилган. Масалан, ўзига хос гўзал тиллақош тақинчоқ – боло абрў, бениҳоя нафис зийнат – нозигардон, турфа балдоқлар, сирғалар, «бодом ой» чакка безаги, туморлар, зебигардонлар  ва бошқа кўплаб бетакрор зеб-зийнатлар шулар жумласидан.  

Атоқли заргар уста Шарифжон Раупов ижодига оид заргарлик кўргазмаси 2025 йил 13 январга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг