«Пора олган шахснинг Бухоро шаҳар ҳокимлигига алоқаси йўқ». Бош прокуратура хабари инкор қилинмоқда
Бугун, 24 январь куни Бош прокуратура матбуот хизмати Бухоро шаҳар ҳокимлиги бўлими бошлиғи икки хонали уй ажратириб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари пора беришни талаб қилиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушлангани ҳақида хабар тарқатганди.
Бухоро шаҳар ҳокимлигининг «Уй жойларни ҳисобга олиш ва нотурар жойлардан фойдаланиш» давлат корхонаси матбуот котиби Шерзод Уралов «Xabar.uz»га мурожаат қилиб, ушбу маълумотда ноаниқликлар борлигини маълум қилди.
«Интернет нашрлари орқали Б.К исмли шахс ўзини ҳокимлик вакили сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан ўзга шахслар ишончига кириб, уй олиб беришни ваъда қилган (гарчи ваколатига кирмаса-да) ва 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани хабар қилинди. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритишни истар эдик», дейди матбуот котиби.
«Хабарларда Б.К исмли шахс Бухоро шаҳар ҳокимлиги бўлим бошлиғи деб айтиб ўтилган. Ваҳоланки, Б.Книнг Бухоро шаҳар ҳокимлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Фуқаро Б.К штат бирлиги бўйича УЖҲО ва НЖ давлат корхонасининг ётоқхоналарга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи ҳисобланади, Бухоро шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи эмас! Ҳокимлик билан корхона-ташкилот ўртасида катта фарқ бор», таъкидлади Шерзод Уралов.
Қизиғи, мурожаатчи матбуот ходимларидан аниқ манбалардан фойдаланишларини, турли хилдаги бўҳтонлардан йироқ бўлишларини сўраган. Шунингдек, сайтлар ва телеграм каналлар орқали раддия беришни, акс ҳолда улар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши тўғрисида ҳам огоҳлантирган.
Биринчидан, бу хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган ва шунга асосланиб, сайтлар эълон қилган. Шунинг учун мурожаатчининг «аниқ манба» ва «бўҳтон» каби иддаолари ортиқча.
Қолаверса, расмий манбага асосланиб тарқатилган хабар учун ОАВ сайтларидан раддия талаб қилиш, бу ҳам етмагандек, жавобгарлик ҳақида огоҳлантириши анчагина ортиқча, ҳатто кулгули ҳолат ҳамдир.
Пора билан ушланган Б.Книнг ҳақиқатда Бухоро шаҳар ҳокимлиги ходими бўлганми-йўқми, бунисига ишни олиб бораётган масъуллар якуний аниқлик киритишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter