Пермда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек боксчиси Қозондаги консулликда тақдирланди
Россиянинг Перм шаҳрида автобус ҳалокатга учрагани ва натижада бир киши вафот этиб, 32 киши турли даражада тан жароҳатига учрагани ҳақида хабар бериб ўтган эдик.
Ҳалокат жойига биринчи бўлиб ўзбекистонлик боксчи Данил Юлдошев етиб келган эди. Ҳалокат унинг кўз ўнгида рўй берди, аммо ёш йигит ўзини йўқотиб қўймади ва дарҳол жабрланганларга ёрдам беришга отланди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан жабрланган йўловчилар ўз вақтида тиббий муассасаларга етказиб борилди.
Бу қаҳрамонлик Ўзбекистон томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Данил Юлдошев Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги консуллиги биносига таклиф этилди. Уни бош консул Фариддин Насриев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳамедов кутиб олиб, одамлар ҳаётини сақлаб қолишда кўрсатган жонбозлиги учун миннатдорчилик билдирди. Данил Юлдошевга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
— Ўзбекистон — менинг Ватаним! Мен Янгийўл шаҳрида туғилиб, ўсганман. Ислом дини ва ўзбек анъаналари ҳар доим одамларга ёрдам беришга чақиради. Автобус ҳалокатга учраганини кўрганим ҳамоно ҳеч нарсани ўйламай, ёрдамга шошилдим.
Автобус деворга шу қадар куч билан бориб урилдики, ўрнидан силжимаган бирорта ҳам ўриндиқ қолмаган эди. Қийшайиб қолган эшикни амаллаб очаётганимда ичкаридан болалар ва аёлларнинг дод-фарёди тинмаётган эди. Салон ичида йўловчилар бир-бирининг устига тахланиб қолганди. Бундай вақтда ёрдамга отланиш ҳар бир инсоннинг бурчи, — дейди Данил Юлдошев.
Мутасадди шахслар томонидан Данил Юлдошевга таълим олиш ва иш билан таъминланиш бўйича таклифлар берилди. Xabar.uz сайти Перм шаҳри қаҳрамонига айланган ёш боксчи билан қилинган суҳбатни яқин кунларда эътиборингизга ҳавола этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter