Пашиняннинг қўли баланд келди
Кеча Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. 2,5 миллион сайловчилар рўйхатга киритилган бўлиб, 38 та сайлов округида 2008 сайлов участкалари ташкил этилди.
Унда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг 49,4 фоизи қатнашди. Янги ҳукуматни шакллантириш учун эса 25 сиёсий партия беллашди. Қонунчиликка кўра, партия блоклари учун 7 фоиз, партиялар учун 5 фоизлик натижа парламентга ўтиш тўсиғи ҳисобланади.
Дастлабки ҳисоб-ҳисоб китобларга кўра, унда ҳозирда Бош вазир вазифасини бажариб турган Никол Пашиняннинг«Фуқаролик келишуви» партияси етакчилик қилди.
Марказий сайлов комиссиясининг бугун эълон қилган натижаларига кўра, мазкур партия салкам 54 фоиз овоз жамғарган. Собиқ президент Роберт Кочаряннинг «Арманистон» партияси эса 21 фоиз овоз олган. Яна бир собиқ президент Серж Саргсяннинг «Шарафга эгалик» блоки учун сайловчилар 5,21 фоиз овоз берган. Арманистоннинг йирик тадбиркорларидан бири раҳбарлик қилаётган Гагик Царукян партияси эса 4 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди.
Якуний натижалар яқин 7 кун ичида эълон қилинади. 132 ўриндан иборат депутатлар 5 йил муддатга сайланади. Энг кўп овоз олган партия ҳукуматни шакллантиради.
Николь Пашиняннинг ўзи арман халқи букилмаслик инқилобини ўтказганини ва Россиянинг қўллаб-қувватлагани учун катта ташаккур изҳор қилган. «Парламентдаги ғалаба жамият ва миллат ҳамжиҳатлиги қайта тикланганини кўрсатди. Арманистон халқи уч йилда иккинчи инқилобни бошидан кечирди. Бу гал бахмал эмас, «темир инқилоб» содир бўлди. Барча келишувларни амалга оширамиз», дея баёнот берди.
«Арманистон» блоки эса бу сайлов натижаларни тан олмаслигини маълум қилди ва Роберт Кочарян шундай деди: «Марказий сайлов комиссияси эълон қилган натижалар баҳсли ва ишончли эмас. Бу натижалар сўнгги саккиз ойда жамият ҳаётидаги жараёнларга мутлақо қаршидир. Сайловолди даврида кечган кўп минг кишилик намойишлар мамлакат ҳукуматига нисбатан ишонч инқирозга юз тутганини ва аҳоли бутунлай бошқа кайфиятдан далолат бермоқда».
Ҳозир реал вазият шундайки, Тоғли Қорабоғдаги тарихий мағлубият арман халқига қаттиқ изтироб бермоқда. Улар ҳукуматнинг нўноқлигидан ҳамда ўз ерини ҳимоя қила олмаганидан ёзғирмоқда. Уруш вақтида аскарлар орасида кўплаб қурбонлар бўлди, армия деярли вайрон қилинди.
Озарбайжон қайтариб олган ҳудудлардан 90 минг аҳоли Арманистонга кўчиб ўтди. Уларнинг 88 фоизи хотин-қизлар ва болалардир.
Албатта, 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама келишувга кўра, қочоқлар Тоғли Қорабоғга қайтиши белгилаб қўйилган бўлса ҳам, Озарбайжон назоратига ўтган ҳудудга арманлар қайтишни истамаяпти ва бу Арманистонда ички иқтисодий-ижтимоий муаммоларни, норозилик босими юкини янада кучайтирмоқда.
«Янги ҳукумат олдига урушдан кейинги Арманистонни ҳар томонлама қайта тиклашдек жуда масъулиятли вазифа турибдики, Пашинян маъмурияти бу ишни қанчалик уддалаши ҳақида аввалдан бирор аниқ фикр айтиш қийин», дейишмоқда халқаро экспертлар.
Манижа Баҳриева, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter