Ўзсаноатқурилишбанк томонидан SAP технологияларига асосланган «Бюджетлаштириш» тизими жорий этилди
Жорий йилнинг 10 май куни пойтахтимиздаги «Intercontinental Tashkent» халқаро бизнес марказида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан SAP технологиялари асосида ишлаб чиқилган йирик лойиҳа – «Бюджетлаштириш» тизимининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Халқаро молия корпорацияси, халқаро аудиторлик ташкилотлари ва тижорат банклари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармонида соҳани замонавий ахборот технологиялари асосида рақамлаштиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланган.
Ўзсаноатқурилишбанк фаолиятини халқаро экспертлар кўмагида трансформация қилиш жараёнида ушбу топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Янги молиявий моделлар ва улар асосида банк бизнесини самарали бошқаришга қаратилган лойиҳалар ишга туширилди.
Хусусан, Германиянинг илғор SAP дастури негизида яратилган «Бюджетлаштириш» тизими шулар сирасига киради.
Тизим бизнес бўлинмалар ва банк маҳсулотлари бюджетини тузиш ҳамда мониторинг қилиш, банк ресурслари бўйича трансферт баҳони шакллантириш, харажатларни банк маҳсулотлари бўйича тақсимлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Лойиҳани татбиқ этишда етакчи халқаро компаниялардан ҳам мутахассислар жалб қилиниб, улар молиявий менежмент методологиясини ишлаб чиқиш ва молиявий дастурлаштиришни амалга ошириш йўналишида яқиндан ёрдам берди.
Тақдимот маросимида «Бюджетлаштириш» тизимини жорий этиш босқичлари, бу борада халқаро тажрибадан фойдаланилганлик даражаси, дастур имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, тизим банк молиявий кўрсаткичлари ўзгаришининг ички ва ташқи омилларини таҳлил қилиш, даромадлигини оширишнинг барқарор манбаларини аниқлаш, ҳар бир банк маҳсулоти ва сотув нуқталари бўйича муассаса фойдасини режалаштириш, тармоқлар молиявий ҳолатини тўғри баҳолаш орқали улар фаолиятини оптималлаштириш, харажатлар ҳажмини қатъий назоратга олиш ва оптималлаштириш, банк бизнесига ресурсларни тўғри тақсимлаш каби имкониятлар беради.
Шунингдек, «Бюджетлаштириш» тизими мижозга йўналтирилган шаффоф банк маҳсулот ва хизматларни яратишни қўллаб-қувватлайди, улар таннархини пасайтириш заруратини аниқлайди, кам рентабелли маҳсулотларни ривожлантириш йўналишларини белгилайди.
– Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳар бир йўналишга алоҳида ёндашилди, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежмент департаменти директори Ойбек Воҳидов. – Хусусан, банк бизнес йўналиши ва маҳсулотлари учун ягона бюджет моделларини амалга оширишда «SAP Business Planning and Consolidation» дастуридан, банк маҳсулотлари бўйича харажатларни тақсимлаш, трансфер нархларни белгилаш моделларини жорий етиш учун «SAP Profitability and Performance Management» дастуридан, молиявий кўрсаткичларнинг визуализациясини ишлаб чиқиш мақсадида эса, «SAP BO Web Intelligence» дастуридан фойдаланилди.
Тадбир сўнгида меҳмонлар эътиборига банк бизнесини самарали бошқаришда истиқболдаги режалар ҳам намойиш этилди.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter