Ўзсаноатқурилишбанк: қурилиш материаллари саноатини бошқариш тизимининг самарадорлиги ошади
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан ҳамкорликда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасида амалга оширилган ишларнинг жорий ҳолати ҳамда йил якунига қадар кутилаётган натижаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2021 йил 9 июндаги «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзсаноатқурилишбанк қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни комплекс ривожлантиришга қаратилган ишларнинг тизимли боришида масъул ҳисобланади.
Матбуот ажуманида таъкидланганидек, бу борадаги саъй-ҳаркатлар қурилиш материаллари саноатини бошқариш тизимининг самарадорлигини оширишдан бошланди.
Хусусан, Банк томонидан «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан ҳамкорликда «Boston consulting group» хорижий компанияси мутахассисларини жалб қилган ҳолда қурилиш материаллари саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.
Соҳада илмий салоҳиятни ошириш ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда Туркия тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Туркиянинг Малтепе университети ва Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (IMSAD) билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Йилига 400 нафар тингловчини ўқитишга мўлжалланган «Тадбиркорлар мактаби» ўқув маркази ва унинг Самарқанд филиали ташкил этилди. 65 турдаги қурилиш материаллари бўйича амалий-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди.
Бизнес лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида консалтинг компанияси ва унинг ҳудудий тармоқлари ташкил этилди.
Лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида тижорат банкларининг етакчи хорижий молия институтлари билан ҳамкорлиги кучайтирилди. Биргина Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 586 млн. доллар ҳажмида чет эл кредит линиялари жалб қилинди (йил якунига қадар қўшимча 69 млн. доллар маблағ олиниши режалаштирилган). Бошқа банклар билан биргаликда умумий қиймати 1 млрд. доллар бўлган 203 та инвестиция лойиҳага 373,6 млн. доллар миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, қиймати 608 млн. долларлик 242 та лойиҳа ишга туширилди.
Пировардида, жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари саноатида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 22,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 124 фоизга ўсди. 6 393 та янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, 11,1 млн. тонна цемент, 19,8 млн. кв. метр қурилиш ойнаси, 18,5 млн. кв. метр керамик плиткалар, 49 млн. кв. метр гипсокартон, 1 810 минг ўрам гулқоғоз каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Ушбу даврда соҳага 1 102,4 млн. долларлик инвестициялар жалб этилди (ўсиш 124 фоиз), 445,5 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди (ўсиш 156 фоиз), маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1 020 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди (ўсиш 149 фоиз).
Матбуот анжуманида 2022 йил якунига қадар маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 27,6 трлн. сўмга, маҳсулотлар экспорти эса 600 млн. долларга етказилиши кутилаётгани қайд этилди.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter