Ўзсаноатқурилишбанк «оғир» туманларда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда (фото)
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари учун Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар Банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган корхоналар фаолияти ҳамда мазкур ҳудудда муассаса мижозларига яратилган қулайликлар билан таништирилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.
Бунда ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, илғор хорижий тажриба асосида факторинг амалиётини ривожлантириш, шароити «оғир» бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига устувор аҳамият берилган.
Айтиш жоизки, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида қарийб 4 йилдан буён олиб борилаётган халқаро молия бозорига интеграциялашув саъй-ҳаракатлари тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишни тубдан такомиллаштирди.
Банкнинг барча филиаллари қатори Сирдарё вилояти минтақавий филиалида ҳам ушбу тоифадаги мижозларни 3 сегментга бўлиб, ҳар бирига индивидуал равишда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Банк хизматлари ва маҳсулотлари улар учун ҳам якка тартибда, ҳам мажмуавий тарзда таклиф этиладиган бўлди.
Соҳа субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида банк филиали томонидан 2021 йилда 506,3 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, натижада 1500 га яқин янги иш ўринлари барпо этилди.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ОАВ ходимларини Сирдарё вилоятидаги янги ишлаб чиқариш объектлари билан таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-турда журналистлар ушбу корхоналарнинг бир нечтасига ташриф буюрди.
Улар дастлаб Гулистон туманидаги «MISS MILEDI» корхонасида бўлиб, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик цех фаолияти билан яқиндан танишди.
– Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати республикамиз иқтисодиётининг энг муҳим йўналишларидан бири, – дейди «MISS MILEDI» МЖ раҳбари Наргизахон Маллабоева. – Ҳукуматимиз томонидан соҳа ишлаб чиқарувчиларининг доимий қўллаб-қувватлови остида корхоналар ўртасида кучли рақобат вужудга келган. 12 йиллик тажрибага эга «MISS MILEDI» маҳсулотларининг нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорида ўз харидорларига эгалиги бизнинг устунлигимиз. Ўтган йили «Ташаббус-2021» кўрик танловининг вилоят босқичида «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритганимиз бизни янги лойиҳага қўл уришга ундади. Умумий ҳажми 4 млрд. сўмлик лойиҳамизнинг 50 фоизи Ўзсаноатқурилишбанк кредит маблағлари ҳисобига қопланиб, уни қисқа фурсатда ишга туширишга эришдик. Ҳозирда корхонамиз тўла қувватда ишламоқда. Ҳудуднинг 400 нафар хотин-қизини ишга жалб қилганмиз.
Пресс-турда журналистлар учун кейинги манзил қизилмия илдизини қазиш ва қайта ишлашга ихтисослашган «ORAL EKSPORT IMPEX» масъулияти чекланган жамияти бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Банк томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобига иш бошлаган мазкур корхонада 30 та иш ўрни барпо этилган. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилган.
Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари Гулистон шаҳрида аҳолига замонавий тиббий хизматлар кўрсатиб келаётган «ABROR UROLOGIYA KLINIKASI»га ҳам ташриф буюрди.
У ерда меҳмонларни жамият раҳбари Қувондиқ Бултеков қарши олиб, клиника фаолияти билан яқиндан таништирди, Ўзсаноатқурилишбанк кредит маблағлари ҳисобига четдан келтирилган илғор тиббий ускуна ва жиҳозлар имкониятларини беморлар мисолида кўрсатиб берди.
Пресс-тур кун тартибига кўра, журналистлар учун «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг Сирдарё минтақавий филиалида матбуот анжумани ҳам ташкил қилиниб, унда муассаса фаолиятининг 2021 йил якунларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Банк тизимида олиб борилган трансформация жараёнлари унинг мазкур филиали фаолиятида ҳам катта ижобий ўзгаришлар кузатилишига омил бўлди.
Хусусан, муассаса томонидан кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 3,1 баробарга ва жисмоний шахслар учун 1,7 баробарга ошган, банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайиб, чакана мижозлар сони 4,2 баробарга ўсган.
2021 йил давомида кичик ва ўрта бизнес субъектларига кредит ажратиш белгиланган режадан 108 фоизга, аҳоли бўш пулларини омонатларга жалб қилиш эса 183 фоизга бажарилган.
Матбуот анжуманида филиал томонидан мижозга йўналтирилганлик тамойили асосидаги ишлар фаол давом этаётгани таъкидланди.
Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида 300,1 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, пировардида, 20га яқин лойиҳалар ишга туширилган, мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter