Озодбек Назарбеков мажлис иштирокчилари сонини 10-15 нафардан оширмасликни талаб этди
Маданият вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасалари, академик лицейлар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларида коронавирус карантини бўйича чора-тадбирлар кўрилади. Бу ҳақда вазир Озодбек Назарбеков расмий баёнот берди.
— Олий таълим муассасалари, академик лицейлар талабалари ва ўқувчилари таътилга чиқиши муносабати билан таълим муассасалари кафедраларида профессор-ўқитувчиларнинг 50 фоизгача ва бошқа ходимларнинг функционал вазифалари ҳамда тоифаларидан келиб чиққан ҳолда бир қисмига Меҳнат кодексида белгиланган навбатдаги меҳнат таътили ҳисобидан талабалар таътили даврида меҳнат таътили бериш тавсия этилади.
Меҳнат таътили бериладиган таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ходимлари тоифасига, биринчи навбатда, вояга етмаган фарзандлари бўлганлар ҳамда катта ёшдагилар киритилиши мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларга ижодий таътил бериш масалалари кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
Меҳнат таътилига чиқмайдиган профессор-ўқитувчиларни:
таълим муассасаси (факультет, кафедра)нинг ўқув методик ҳужжатларини такомиллаштириш;
таълим муассасасининг ўқув жараёнини кредит-модул тизимига ўтказиш бўйича тегишли ҳужжатларини тайёрлаш;
ўқув жараёнининг масофавий шаклини жорий этиш мақсадида фанлар бўйича электрон ўқув ресурсларини ишлаб чиқиш;
илмий-тадқиқот ишларига (илмий мақолалар, дарслик ва ўқув қўлланма ёзишга) жалб этиш мақсадга мувофиқ.
Режали илмий-тадқиқот ва методик ишларнинг масофавий (турар жойдан) бажарилишига ва назорат этилишига шароит яратиш лозим.
Таълим муассасаларида мажлислар сонини кескин чеклаш ҳамда иштирокчилар сонини 10 – 15 нафардан оширмаслик талаб этилади.
Ҳужжатлар ҳаракатининг максимал равишда электрон шаклга ўтказилиши таъминлансин.
Муассасалараро таълим ва ички оммавий тадбирлар ўтказилишига йўл қўйилмасин.
Бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирлар, мажлисларга профессор-ўқитувчилар ва ходимларни ваколатли ташкилот раҳбарининг расмий қарори (буйруғи) бўлмаган ҳолда жалб этиш тақиқланади.
Юқорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича таълим муассасаларининг раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари ҳамда концертмейстерларига 2020 йилнинг 18 мартидан меҳнат кодексида белгиланган навбатдаги меҳнат таътили ҳисобидан ўқувчиларнинг таътил вақтида меҳнат таътили бериш тавсия этилади.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олиш учун тўланадиган тўловларни ўрнатилган тартибда қайта ҳисоблаб чиқиш тавсия этилади.
Барча таълим муассасалари раҳбарларидан ўқув даргоҳларида тозалик ва дезинфекция тадбирларини кучайтириш, таълим масканларидаги тиббиёт хоналарини зарур тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш чораларини кўриш талаб этилади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги тасарруфидаги барча маданият муассасаларидаги ижодий тўгараклар ҳам вақтинча ўз фаолиятини тўхтатади.
Ҳаммадан ортиқча ваҳимага берилмай, эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралади.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter