Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» ҳомийлигида теннис бўйича Марказий Осиё турнири бўлиб ўтди

«Ўзмиллийбанк» ҳомийлигида теннис бўйича Марказий Осиё турнири бўлиб ўтди

Пойтахтимизда илк бор U-12, U-14, U-16 ёш тоифалари ўртасида катта теннис бўйича JWTS сериясига кирувчи Марказий Осиё турнири бўлиб ўтди.

Унда юртимизнинг истеъдодли ёш ракетка усталари қатори Қозоғистон ва Покистон мамлакатларининг теннисчилари қатнашди. Турнирда иштирокчилар совринли ўринлар билан биргаликда Испанияда ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ҳар томонлама муросасиз баҳсларни олиб боришди. Бир сўз билан айтганда, Испания кортларида ўтадиган машғулотларга йўл Тошкент майдонларидан бошланди.

«Ўзмиллийбанк» АЖ ҳомийлигида ташкил этилиб, 2 ҳафта давом этган халқаро турнирнинг 1 тур бахсларида 50 нафардан ортиқ спортчилар қатнашган бўлса, 2 турда эса 70 нафардан ортиқ атлетлар ғолиблик учун кортга тушишди. Ўсмир ёшлар ўртасида Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилган Марказий Осиё сериясига кирувчи бахслар шиддатли тус олди. Унга кўра, 12 ёшгача бўлган ўғил болалар беллашувларида биринчи ўринни Саидамир Икромов, иккинчи ўринни Камрон Икромов, учинчи ўринни эса Маҳмуд Бекназаровлар қўлга киритишди. 14 ёшгача бўлган спортчилар бахсларида эса Аҳмаджон Тошмуҳаммедов, Сухроб Саидов, Алан Зиннатуллинлар мос равишда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллашди.

— Бизда биринчи марта JWTS лойиҳаси Германия билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа марказий Осиёда теннисни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган, — деди Ўзбекистон Теннис Федерациясининг бош котиби Ирода Тўлаганова. — Бу мусобақалар марказий Осиё спортчилари учун жуда муҳим. Мусобақа теннисчиларга Европага чиқиш имконини беради. Биламизки, Европа ва Америка теннис мактаби кучли. Бу алоқалар эса спортчилар маҳоратларини ортишига ёрдам беради. Мусобақалар ўғил қизлар учун катта имкониятларни тақдим этганлиги сабабли ҳам барча катти иштиёқ билан ғолиблик учун бахсларга киришди. Шу ўринда теннисни ривожлантиришда ва мусобақаларни ташкил этишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган «Ўзмиллийбанк » АЖ га миннатдорлик билдирмоқчиман .

Шиддатли ўйинлар натижасида 12 ёшли ўғил болалар ўртасида ҳамюртимиз Саидамир Икрамов, қизлар ўртасида Муслима Турдимуродова, 14 ёшлилар ўртасида Ахмаджон Тошмуҳаммедов ва Нигина Алимова, 16 ёшлилар орасида Сарвар Азаматов ва Самира Хазиева ғолиблик шохсупасига чиқишди.

Баҳсларда ғолиб ва совриндор бўлган ракетка усталари Ўзбекистон теннис федерацияси ҳамда ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг