Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ, Савдо-саноатпалатаси ва «FERRANDI Paris» институти ўртасида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди

«Ўзмиллийбанк» АЖ, Савдо-саноатпалатаси ва «FERRANDI Paris» институти ўртасида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди

Иқтисодий ривожланишнинг замонавий шароитида хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодий сиёсатнинг барча даражаларида асосий элементга айланиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу соҳани ҳақли равишда иқтисодиётнинг энг йирик тармоғи деб аташ мумкин, у тижорат ва ижтимоий асосда кўрсатиладиган барча турдаги хизматларни ўз ичига олади.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг мазкур тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 июндаги «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2021йил 11майдаги «ХИЗМАТЛАР СОҲАСИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» ги қарорларига асосан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 200 млн. АҚШ доллари ажратилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2021йилда мамлакатимизда кўрсатилган хизматлар ҳажми 283 трлн. сўмни, аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажми 8 млн. сўмга тенг бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2022йилда соҳани ривожлантиришга янги ёндашувларни жорий этиш орқали хизматлар ҳажмини 1,5 баробарга ошириш кўзда тутилган. Бу эса қўшимча 1,6 миллион, шу жумладан, Тошкентда – 700 мингта янги иш ўрни яратилишига имкон беради.

Мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 18 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Франция Республикасига олий даражадаги ташрифи доирасида, Париж шаҳрида Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Франциянинг гастрономия ва меҳмонхона бошқаруви соҳасига ихтисослашган етакчи институти- FERRANDI Paris билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Шартнома қуйидаги имкониятларни беради:

1. «Ўзмиллийбанк» АЖ ва Савдо-саноат палатаси кўмагида 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини меҳмонхона ва ресторан бизнеси, туризм, гастрономия ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича ўқитиш ва малакасини ошириш;

2. FERRANDI Paris институти томонидан француз ва хорижий ҳамкорлар тажрибасини ўрганиш мақсадида маҳаллий Олий ўқув юртларида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қўшма ўқув курсларини ташкил этиш;
Форум доирасида «Ўзмиллийбанк» АЖ ва Савдо саноат палатиси, имзоланган келишув Ўзбекистон ва Франция тадбиркорлари ва ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли, самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, туризм, меҳмонхона ва ресторан бизнеси ва бошқа соҳалардаги хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишига умид билдиради.

Маълумот ўрнида: Ferrandi Paris 1920 йилда гастрономия ва меҳмонхона бошқаруви соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, Париж Иле-де-Франcе Савдо-саноат палатасига тегишли.

Мактаб тадбиркорлик, меҳмонхона ва ресторан бизнеси йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ҳамда бакалавр ва магистрларни ошхона ва кейтиринг, новвойхона, меҳмондўстлик, қандолатчилик ва бошқа кўплаб соҳаларда тайёрлаш мақсадида, француз ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг