«Ўзмиллийбанк» АЖ номидан фойдаланиш билан боғлиқ яна бир ёлғон хабар тарқатилди
«Ўзмиллийбанк» АЖ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва республикамиз аҳолисига Банк томонидан давлат молия субсидиялари тақдим этилади, деган ёлғон хабар тарқатилди. Унда фирибгарлар фуқародан кўрсатилган маблағни олиш учун банк номи ва логотипидан фойдаланган ҳолда яратилган сохта сайтда анкета сўровидан ўтишни таклиф этади.
«Ўзмиллийбанк» АЖ банк номи ортида яширинган фирибгарлик схемаларини инкор этади. Уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Фирибгарлар йирик компаниялар, банклар, давлат муассасалари, жамғармалар, ҳатто юртдошларимиз алоҳида ишонч билдирган таниқли шахсларнинг номларидан фойдаланади. Шу боис, фирибгарларнинг қармоғига тушиб қолмаслик учун ҳамиша эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш, энг аввало таклиф этилаётган сайтнинг расмий эканлигига эътибор қаратиш лозим.
Ҳар доим ишончли маълумотларни олиш учун фақат банкнинг www.nbu.uz расмий сайтидан ҳамда Telegram даги - t.me/nbu_official, Facebook даги – www.fb.com/uznbu, Instagram даги – www.instagram.com/nbu.official расмий ахборот каналларидан фойдаланинг ёки 78 148-00-10, 1344 рақамлари орқали банкнинг колл-марказига мурожаат қилинг. Огоҳ бўлинг ва яқинларингизни ҳам бу фирибгарликдан огоҳлантиринг.
Бу каби хабарни кўриб қолсангиз, эътибор берманг ёки бу хабарлар жойлаштирилган манбалар маъмуриятига шикоят билан мурожаат қилинг.
Шунингдек, мавзунинг давоми сифатида ҳамда банк карталари бўйича фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўз картангизни жиноятчилардан ҳимоя қилишингиз мумкин бўлган оддий қоидаларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз:
- бегоналарга карта маълумотлари (рақам, амал қилиш муддати, CVV/CVC, PIN-код)ни ёки банкнинг мобиль иловасидаги ўз аккаунтингиз ҳақидаги маълумотларни берманг;
- пулларни бошқа картага ўтказиш учун унинг 16 та белгидан иборат рақамини билишнинг ўз етарли. Унутманг, банк ёки бошқа ҳар қандай тўлов ташкилоти ходимлари картангизнинг амал қилиш муддати ёки SMS орқали олинган тасдиқлаш кодларни сиздан сўрамайди;
- ҳеч қачон бир марталик тасдиқлаш кодини бегона шахсларга бера кўрманг. Фирибгарлар ушбу текширув коди орқали сизнинг ҳисобингиздаги пул маблағларини рухсатингизсиз бошқа картага ўтказиши ёки мобиль иловалар ёрдамида пулларингизни бошқариши мумкин.
- картангизни бошқаларнинг қўли етмайдиган жойда сақланг ва бегона шахсларга берманг.
- осон пул таклиф қилинаётган хабарларга, акциялардаги «тасодифий» совғаларга ишонманг, шубҳали ҳаволалар ва сайтларга кирманг, айниқса у ерда ўз карта маълумотларингизни киритиб қўйманг.
Ҳар биримиз шахсий маблағларимизга масъулият билан ёндашсак, молиявий саводхон бўлсак ва бу оддий қоидаларга амал қилсак, жиноятчилар бизнинг пулларимиздан фойдалана олмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter