Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати Зоминсойда Пресс-тур ўтказди

«Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати Зоминсойда Пресс-тур ўтказди

Жазирама ёз мавсуми салқин, бетакрор табиат қўйнида саёҳат қилиш, кутилмаган таассуротларга бой дамларни ўтказишу мароқли ҳордиқ олиш учун энг қулай палла. Аксарият юртдошларимиз айни обу ҳавода асосан, хорижда дам олишни афзал кўрадилар. Аммо бугун Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлган туристлар «Ўзбекистон Швейцарияси» номини олган бу жойга қайта-қайта келиш истаги билан қайтадилар. Сабаби сўнгги йилларда туризмга қаратилган эътибор мазкур ҳудудда ўзига хос акс садо бермоқда.

«Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати томонидан ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган Пресс-турднинг илк кунида банкнинг туризм йўналишида молиялаштирилган лойиҳалари билан танишилди.


Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги ПФ-6201-сонли фармони ижроси доирасида туманнинг тоғли ҳудудларидаги туристик салоҳиятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида «Зомин» туристик-рекреацион зонаси(ТРЗ)да, хусусан «Суффа плато»сида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир.

«Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти томонидан барпо этилган замонавий дор йўли ва кўп қаватли автотурагоҳ лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра, объектдаги қурилиш-монтаж ишлари қиймати 127 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этди.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2022 йил июнь ойида дунёга машҳур Швейцария компанияси «Bartolеt AG» билан дор йўли учун ускуналар етказиб бериш ва монтаж қилиш бўйича жами қиймати 6 миллион 720 минг евро бўлган шартнома имзоланди.

– «Зомин» осма дор йўли 2023 йил 25 августда тўлиқ фойдаланишга топширилди, – дейди «Зомин» осма дор йўли бош админстраториси Акбархўжа Газиев. – Бу осма дор йўли 12 та минорали 11 дона устундан ташкил топган. Шу билан бирга, 11-сонли энг баланд миноранинг баландлиги 35 метрни ташкил этади. 8- ва 9-сонли устунлар орасидаги энг катта масофа 615 метрни, ерга қадар энг юқори баландлиги эса 74 метрни, дор йўлининг энг катта қиялиги 42 градусни, қуйи станциянинг денгиз сатҳидан баландлиги 1 минг 961 метрдан зиёдни, юқори станцияси эса салкам 2 минг 491 метрни, станциялар ўртасидаги баландлик фарқи 529 ярим метрни ва дор йўлининг узунлиги эса 2 минг 102 метрни ташкил этади.

Мижозларни ташиш учун «Порше» студиясида ишлаб чиқилган дизайндаги ҳар бири 8 ўриндиқли 35 та (яна 1 дона захира) кабина тақдим этилган бўлиб, максимал ҳаракатланиш тезлиги 6 метр секундгачани, ҳаракатланиш чоғида кабиналар орасидаги масофа 141 метрни ташкил этади. Максимал ўтказиш қобилияти (бир томонлама) соатига 1 минг 200 кишигача хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Маълумот учун, мазкур кабиналарнинг техник созлигини текшириш ва назорат қилиш мақсадида ҳафтанинг ҳар душанба куни профилактика ўтказилади.Худди шу куни дор йўлида мижозларга хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилиб, 45 нафар мутахассислар кабиналарнинг техник хавфсизлигини назоратдан ўтказадилар. Сабаби туристларнинг нафақат мароқли ҳордиқ чиқариши, балки хавфсизлиги учун ҳам жавобгарлик таъминланиши зарур.

Бундан ташқари, мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақасадида, дор йўлининг пастки станция ҳудудида йиғма металл конструкциялардан фойдаланган ҳолда 365 автомобиль сиғимига мўлжалланган 5 қаватдан иборат қор-ёмғирлардан пана қилинган автотураргоҳ халқаро андозалар асосида қуриб битказилган бўлиб, сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиб келаяпти.

Айни пайтда, дор йўли, автотураргоҳ ресторан ва кичик кафе қўшилиб жами 70 га яқин ёш йигит-қизлар доимий иш ўринлари билан таъминланган. Келгусида ушбу дор йўли қурилиши давом эттирилиб, 2030 йилгача яна бир неча километрга узайтирилиши режалаштирилган. Демак ҳеч шубҳасиз яна янги иш ўринлари бир неча баробарга ортади.

«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Зомин» ТРЗ ҳудудида «Zomin wellness» соғломлаштириш (СПА) маркази лойиҳасининг умумий майдони 0,65 гектардан иборат. Бинонинг умумий майдони 1 минг 694 метр квадрат, шу жумладан, асосий хоналар майдони 1 минг 400, ички ҳовли 127,6 ва ертўла 166,4 метр квадратни ташкил этади.

«Ўзмиллийбанк» буюртмаси асосида қурилган ушбу «Zomin wellness» СПА марказида мижозларнинг дам олишлари ва соғломлаштириш хизматларидан фойдаланишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Соғломлаштириш маркази дизайни замонавий услубда ишлаб чиқилган бўлиб, ечиниш-кийиниш хоналари, душ, эркаклар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ҳожатхона, 4 та массаж хонаси, фин саунаси, зарбли бассейн, рус ва турк ҳаммомлари, дам олиш майдони, «тузли ғор» хонаси, диаметри 4 метр бўлган болалар бассейни билан бирлаштирилган 10,4х22 метр ҳажмдаги катталар бассейни, офтобда тобланиш учун махсус креслоларли зона, фито-бар ҳамда терраскали очиқ ички айвондан иборат.

Бундан ташқари, хизмат кўрсатувчилар ва ишчилар учун хоналар ҳамда СПА ва бассейнга хизмат кўрсатиш учун техник ертўла мавжуд.

Давлат экспертизасидан ўтган лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра, объектдаги қурилиш-монтаж ишлари қиймати 48 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади.

«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан лойиҳа қисқа муддатда амалга оширилиб, ҳозирги вақтда барча тизимлар ишламоқда. Шунингдек, туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилиши давом этмоқда. Бугунги кунда 15 нафар ёшлар фаолият юритаётган «Zomin wellness» соғломлаштириш маркази мижозларни қабул қилишни аллақачон бошлаб юборган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг