Ўзимизнинг газни қачонгача жаҳон нархида сотиб оламиз?
Ўзбекистон Россиянинг «Лукойл» компаниясидан 600 миллион доллар қарз бўлиб қолгани ҳақида хабарлар берилган эди. «Davletovuz» каналида ушбу ҳолат бўйича янги тафсилотлар эълон қилинди.
«Миллий ғуруримиз ва монополистимиз «Ўзбекнефтегаз»нинг «Лукойл» олдида 600 млн.доллар миқдорида қарзи қандай шаклланганлиги борасида айрим маълумотлар пайдо бўлмоқда.
Айтишларича, «Ўзбекнефтегаз» қишки мавсумда «Лукойл»дан Ўзбекистонда қазиб чиқарилган газни жаҳон нархларида, яъни 120 доллардан сотиб олиб, ички истеъмолчиларга 40 доллардан етказиб бериб келган ва бир йилда 600 млн. доллар қарздорлик йиғилган. Ҳозирда ушбу қарздорлик бўлиб тўлаш шартларида реструктуризация қилинган эмиш. Қўшимчасига бу йил ҳам истеъмолчиларга узлуксиз газ етказиб бериш шиори остида яна «Лукойл»дан жаҳон нархларида газ сотиб олиш режалари мавжуд экан.
Мавзуга оид: Газимизни хорижликларга бериб, яна улар олдида қарздормиз. Халқимизга газни қайтаринг!
Оддий фуқарода савол туғилади, қандай қилиб чет эл компанияси Ўзбекистонда қазиб олаётган газни ўзимиз сотиб олсак, яна жаҳон нархларида. Афсуски шундай. «Лукойл», «Зарубежнефтегаз», «Газпром» каби компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида газ ва нефт конларини ўзлаштириши маҳсулотни тақсимлаш шартларида (СРП) амалга ошириб келинмоқда. Яъни компания газ, нефт конини ўзлаштиради ва чиққан маҳсулотнинг 50, 60, балки 70 фоизини олиб чиқиб кетади. Ҳудуддаги ижтимоий ҳолат, инфраструктура, экология, ёқилғи баланси кабилар юмшоқ қилиб айтганда, уларга қизиқмас. Қўпол қилиб айтганда эса...
Африканинг энг қолоқ ва ўзини ўзи бошқара олмайдиган давлатларини инобатга олмаса, замонавий дунёда СРП шартларида нефт ва газ конларининг ўзлаштирилиши усулидан аллақачон воз кечилган ва воз кечилмоқда ҳам.
Агар келажакни, фарзандларимизни ўйласак ва яна хом-ашё мустамлакаси бўлишни истамасак бундан буён табиий бойликларни ўзлаштиришда СРП шартларини қўлламаслик ҳақида ўйлаш вақти етиб келди.
Маълумотларга кўра, охирги 10 йил давомида «Ўзбекнефтегаз» қазиб чиқараётган газ ҳажми 60 миллиард.кубдан 40 миллиард.кубгача камайган, СРП шартларида хорижий компаниялар қазиб чиқараётган газ ҳажми эса 5 млрд.кубдан 20 млрд.кубга етган. Агар шу тенденция сақланса, яна 5-10 йил ичида мамлакатда қазилаётган газ тўла тўкис СРП шартларида хорижий компаниялар ихтиёрига ўтиб кетади ва ўзимизга тегишли газни ўзимиз жаҳон нархларида сотиб оладиган ва қўшимчасига абадий қарздор ҳолатидаги мустамлака ўлка даражасига етиб борамиз.
Буларнинг барчаси шахсий фикр, албатта».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter