Ўзбекнинг «Юра Шатунов»и ва «Виктор Цой»и ёхуд уларни нега чет элликлар ҳам эшитишмоқда?
Reddit сайтининг r/Uzbekistan деган гуруҳида хорижликлар Ўзбекистон, ўзбеклар ҳақида ёзишади. Айнан шу сайтда мен Captinu номидаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг «Ҳамдам Собиров (ва бошқа ўзбек хонандалари ва қўшиқчилари)» сарлавҳасидаги постни ўқидим:
Салом! Мен италянман ва интернет орқали хорижий мусиқаларни эшитишни яхши кўраман. Ҳамдам Собировни илк бор «Тентакчам» қўшиғи орқали таниганман, гарчи сўзларини тушунмасамда, миямга жойлашиб қолган эди. Яқинда ушбу қўшиқчининг бутун албомини тингладим ва шуни айтишим керакки, бу жуда шоҳ асар, «Қишлоққа қайт» ва «Яхши кўрсам нима қипти» энг яхши қўшиқларидан бири, лекин барча треклар жуда зўр, ҳайратланарли.
Унинг муаллиф ва мусиқачи сифатидаги маҳорати юқори даражада ва ҳатто эстетик жиҳатдан ҳозирги ўзбек мусиқа саҳнасининг қолган қисмидан ажралиб туради. Энди мен ўзбек мусиқа саҳнасига кириб боришга ҳаракат қиляпман ва сизлар билан ўз саёҳатимни баҳам кўришни истардим, балки қандайдир тавсиялар оларман. Бу ерда мен учун қизиқарли бўлган энг иқтидорли мусиқачилар ҳақида муҳокама қилишни истардим.
Мен Муҳриддин Ҳолиқовни ҳурмат қиламан, Ҳамдам Собиров унга ўхшаб кетади, яъни унда ўзбек халқ мусиқаси билан замонавий чолғу асбоблари ва ечимларини аралаштиришга мойиллик бор. Муҳриддин Холиқовнинг «18 га кирган қиз», «Висолинг гадосиман», «Паризод», «Сумбула» номли қўшиқлари менга жуда ёқади. Менимча, улар 90-йилларда айтилган.
Мен дуч келган бошқа қўшиқчиларнинг ижоди билан ҳам танишишда давом этмоқдаман. Дадахон Ҳасанов, Шерали Жўраев, Рустам Ғоипов, Олмахон Ҳайитова, Отажон Худойшукуровларнинг санъатлари билан ҳам танишаяпман. Қўшимча қиламанки, менинг миннатдорчилигим санъаткорларнинг мусиқачи, муаллиф ёки қўшиқчи сифатидаги маҳоратига асосланади, лекин уларнинг ғоялари ва келиб чиқиши ҳақида ҳеч нарса билмайман, уларнинг шахсияти ва мафкураларига оид ҳар қандай таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
Tblenger: Умид қиламанки, бу сарказм…»
Айнан мана шу Tblenger ўзбекистонлик эканлигига шубҳам йўқ. Сабаби ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Ҳамдам Собиров каби ёш ижодкорларнинг қўшиқларини жиддий қабул қилмайди. Нимага? Айнан мана шу италиялик мухлиснинг пости менда савол уйғотди. Санъатни нозик тушунадиган италияликлар Ҳамдам Собировни тан олиб турганда, ўзбекистонлик уни сарказм деб тушунишининг сабаби қизиқ менга...
Постнинг давоми:
Captinu: Бу киноя эмас, нега? Ҳамдам Собировнинг қўшиқлари мазмуни сиёсий ёки ижтимоий эмаслигини ҳам тушунаман. Унинг қўшиқларининг баъзиларини таржима қилишга ҳаракат қилдим, менимча, у моҳир мусиқачи ва қўшиқчи. Унинг қўшиқлари асосан романтикага бағишланади. Мен, албатта, «анъанавий» ва ҳурматли бўлган бошқа санъаткорларни ҳам санаб ўтдим, лекин айтганимдек, мен кўп нарсани билмайман ва эндигина кашф қилишни бошлаяпман, шунинг учун барча муҳокамаларга очиқман. Бу ерда сарказм йўқ. Менинг қизиқишимни киноя сифатида қабул қилманг, чунки у «содда» эшитилади, мен мусиқа ва контекстни ўрганиш учун бу ердаман.
Puzzled-Ad: Вой мен ўзбекман ва сизнинг ўзбек хонандалари ҳақидаги билимингизга қойил қолдим. Бу мен уларни тингламаганим учун бўлиши мумкин. Лекин асосан янги ижодкорлар тўйлардан кўп фойда олгани учун одамлар унга рақс тушиши мумкин бўлган мусиқаларни яратишга ҳаракат қилишади. Ўзбекистонда машҳур хонандаларни тўйга олиб келиш керак. Демак, уларнинг аксарияти бугунги кунда пул ишлашга интилади. Аммо илгари ўз фаолиятини санъатга бағишлаган ҳақиқий санъаткорлар ҳам бор. Ўзбекистонда 80-90 йилларнинг услуби, имиджи оммалашмоқда, балки унинг ютуғи шудир.
Captinu: Яхши жавобингиз учун ташаккур! Ўтмишдаги ушбу муҳим қўшиқчилардан баъзиларини тавсия қила оласизми?
Exotic-Fix: Ўзбек қўшиқлари сизга ёққанини эшитиб хурсанд бўлдим. Мусиқамиз ҳақида шундай катта пост ёзганингиз ҳайратланарли. Бундан ташқари, онамга бутун матнни таржима қилиб ўқиб бердим. Ва онам сизнинг мусиқага яхши дидингиз борлигини айтди.
Captinu: Бу ажойиб! Онангизнинг менга бошқа тавсиялари борми? Мен миннатдор бўлардим.
Exotic-Fix: Жаҳонгир Отажонов, «Ялла» гуруҳи, Юлдуз Усмоноваларни эшитиб кўринг.
direvolfzs: Вой, мен бу постни қандай ўтказиб юборганимни билмайман! Мен ҳам америкаликман, Ҳамдам Собировнинг катта мухлисиман ва унинг қўшиқларини тинглашим, айниқса «Тентакчам» ўзбек тилини ўрганишимга ёрдам берди. «Эсла мени», «Сумбула», «20-март», «Яхши кўрсам нима қипти» мен учун энг севимли қўшиқлари. Унинг эски ўзбек модасидан фойдаланиши, эстетикаси ва рақслари менга жуда зўр туюлади. Мен ҳам ўзбек мусиқий саёҳатимни Ҳамдам билан бошладим ва у орқали Достон Эргашев, Али Отажонов, Озодбек Назарбеков ва Рано Шарипова каби қўшиқчиларни топдим...
Ўзбекнинг «Юра Шатунов»и ёки «Виктор Цой»и
Юқоридаги баҳсни кузата туриб мен ҳам саволларимга жавоб изладим. 80-90 йилларнинг қўшиқлари, қўшиққа бўлган талаб бошқача бўлган, деб ўйлаймиз, аслида-чи. Биз Юра Шатунов, Модерн Токинг, Майкл Жексон, Валерий Леонтов, Виктор Цой каби қўшиқчиларни эшитиб катта бўлганмиз. Ва айнан бизнинг авлод нимагадир бугун чиқаётган қўшиқчиларни танқид қилади, уларни «ҳазм» қилолмайди, нега? Балки биз ўша яхши кўриб эшитган қўшиқларни биздан катта авлод худди биз ҳозир баъзи қўшиқчиларни тан олмаётганимиздек тан олишмагандир. Эслайман катта ёшлилар Дадахон Ҳасанов, Фахриддин Умаров, Нуриддин Ҳамроқулов, Шерали Жўраев, Олмахон Ҳайитова каби қўшиқчиларни бошларини силкитиб эриб эшитишарди, бизга эса улар эмас Юра Шатунов, Александр Державин, Модерн Токинглар, Наташа Коралева, Челентано қизиқ эди. Орада бир эпоха бошланди – Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Ғиёс Бойтоевлар даври... Ваҳоланки ҳозир ҳам шу қўшиқчиларни эсласак бошқача бўлиб кетамиз, аммо нимагадир бугун уларнинг издошларини айнан ИЗДОШларини танқид қиламиз ёки қоралаймиз.
Булардан бири «Жанзе» қўшиғи билан машҳур бўлган Ҳамдам Собировнинг қўшиқлари. Танқидлардан кейин мен ҳам уни эшитишга қарор қилдим. «Мактабимда», «Қизил кўйлак», «Жанзе», «Юрагимни яраладинг» қўшиқларини эшитиб очиғи ёшлигимга қайтгандек бўлдим. Ҳамдам Собировда ижодкорликни, ўзига хос имиджни, ҳатти-ҳаракатларида хос ёндошувни, креативликни, шиддатни кўрдим. Овози ҳам унақа паст ёки «овозсиз» эмас, ширали.
Яқингинада ўзим ҳам янги пайдо бўлаётган қўшиқчиларнинг ашаддий танқидчиси эдим. Шунда англадимки, миямиз кейинги чиқаётган ёш қўшиқчиларнинг барчаси бўлмағур деган стереотипларга тўлиб тошган. Албатта ёш авлод бундан мустасно. Тасавур қилинг, бизнинг ёшимизда, ўша Юра Шатунов, Виктор Цойлар даврида Ҳамдам Собиров шу имиджда, шу қўшиқлари билан чиққанда албатта кўнглимиздан жой олган бўларди шубҳасиз. Балки шундан сўнг ҳам сиз стереотипларни синдира олмас ва ўз фикрингизда қоларсиз.
Аввало, мана шу санъаткорнинг қўшиқлари 100 млндан ортиқ томоша қилинган. 100 млндан ортиқ одамнинг қўшиқ ҳақидаги диди борасида дидсиз дейишга шошилманг, ахир дид борасида баҳслашилмайди. Шунчаки изоҳларни ўқиймиз – ўзбекдан кўп бошқа миллат, бошқа мамлакат мухлислари изоҳ қолдиришган.
«Мен, қозоғистонликман, Ҳамдам Собировни ҳамма жойда эшитишингиз мумкин», «Озарбайжондан салом, жуда ажойиб қўшиқчи», «Мен Қирғизистонданман, ўзбеклар клип олишда ҳам, қўшиқ айтишда ҳам олдинда», «Америкаликман қўшиқни тушунмайман, аммо жуда ёқимли», «Мен Грецияданман менга Ҳамдам Собировнинг қўшиқлари ёқади».
Яна баъзилар ёзади: «Менинг ёшим қирқдан ошган, аммо ёшлигимни эслатади бу қўшиқ». Яна бир мухлиснинг иқрори: «Юра Шатунов вафот этгандан кейин Ҳамдам Собировнинг қўшиқларига суяниб қолдим, ўзбек қўшиқчиларини эшитмасдим аммо Ҳамдам Собировнинг қўшиқлари жуда ёқади, унда харизма кучли».
Ахир биз сочининг яримини пушти, яримини яшил қилиб қўшиқ айтадиган Билли Айлишдан тортиб йиртиқ шимда қўшиқ айтган Майкл Жексонларни кўкка кўтарганимизда нега бошқа мамлакатдаги мухлислар бизнинг қўшиқчиларни ижобий қабул қилишини қўллаб-қувватламаслигимиз, қувонмаслигимиз керак.
Ҳамдам Собировнинг қўшиқларида оддий қишлоқ ҳаёти, беғубор болалик, мактабдаги илк севги куйланади, беихтиёр имидж, ўша кийимлар сизга ностальгия беради.
«Мактабимда» қўшиғи қишлоқ ҳаёти, қишлоқ мактаби, қишлоқ ёшлари ҳақида: «Парталарга расминг чизиб, дарсдан қочиб, ҳар кун шошиб, Дарвозангга гуллар сочган ким, ким, ким... Кеча Пақи сенга гуллар берибди, оғир ботди уни ҳамма кўрибди, шу болада бир аламим турибди... мактабимда ҳаммадан гўзал эдинг Раъно, қишлоғимда гўё бир ғазал эдинг Раъно...
Бу қўшиққа кўпроқ катта ёшлилар мактаби, болалиги ёдига тушганини ёзишган, мана бу изоҳга эътибор беринг: Ҳар бир мактабда ОШИҚ, Раъно ва параллел синфда ёки катта синфда ўқийдиган ПАҚИ бўларди... Беғубор ёшлик ҳақида бундан ортиқ яна қандай қўшиқ куйланиши керак...
«Узбек талант зажигает зал Россия ТВ»
Иккинчи қўшиқчи Аззамчик билан ҳам тасодифан «танишиб» қолдим. Андрей Малаховнинг кўрсатуви орқали. Унинг ҳам қўшиқларини эшитдим ва яна изоҳларни ўқишга шўнғидим. Унда шундай фикрлар бор: «Аззамчикнинг қўшиқлари ҳаммага бирдай тушунарли», «Чет элда қўшиқчиларни шундай қадрлайдилар бизда эса...», «Қайта-қайта кўрдим, кўзимда ёш билан кўрдим кўрсатувни...», «Россиянинг санъатни тушунадиганларининг ҳам оғзини очиб қўйди, молодец ...» Аззамчикнинг қўшиғи, русча, арабча, ўзбекча сўзлар қоришмасидан иборат. Унинг ҳам Озарбайжон, Россия, Туркия, Қозоғистон, Тожикистондан мухлислари бор. Андрей Малаховнинг кўрсатувида хонанда ўз юртининг табиати, одамлари, онаси, ўзбек палови ҳақидаги видеороликни қўйиб берди. Тушунаяпсизларми, у Ўзбекистоннинг одамлари Россияга фақат қора иш қилиш учун бормаслигини, бу юртда ажойиб санъаткорлар, одамлар борлигини кўрсатди. Туркиянинг «Хабарлар» сайтида «Аззамчик ким?» ёки араб тилида чиқадиган нашрларнинг бирида «Ўқиймиз, ўрганамиз» рукнида Аззамчик қайси юртдан эканлигини, нега унинг қўшиқларини кўп миллатлар бемалол тушуна олишини ёзишган.
Аммо яна биз қотиб қолган стереотип (кейинги қўшиқчиларнинг барчаси бўлмағур деган фикр) билан тан олгимиз келмайди. Ўша Юра Шатуновни қўмсаймиз, шимлари йиртиқ, сочлари патила Майкл Жексонни кийимига ҳам қарамай қўмсайверамиз. Яъни биз эски дид билан яшаяпмиз. Олдимизда, ёнимизда худди шулардек янги овозлар чиқаётгани билан ишимиз йўқ, танқид қилаверамиз, камситаверамиз, чунки стереотип қарашларимизни синдириб ташлай олмаймиз. Бизнинг давримиздагидек қўшиқчилар йўқ афсус...Аммо юз миллионлаб қайта-қайта ютубда кўришлар сони кундан-кунга ошиб бораётган бугунги қўшиқчилар мухлислари қачонлардир худди шу қўшиқчиларни бизнинг давримиздаги энг зўр қўшиқчилар шулар эди, деб эслашса ажаб эмас, биз Модерн Токингни, Юра Шатуновни, Виктор Цойни энг зўрлари деб эслаганимиздек... Виктор Цойни тан олган дидингиз нега бугун худди шунга ўхшаш овозда, фақат ўзига хос ёндошувда куйлаётган овозни тан олгиси келмайди. Ёки Юра Шатуновнинг «Не бойся» қўшиғи асосида қиз билан йигитнинг севгисига ота-онаси қарши бўлган клипни кўрганда этимиз бир жимирлайдию, худди шунинг овозидек ширали овоз ва ундан ҳам табиийроқ чиққан клипни тан олмаймиз!
Элатларни, миллатларни санъат яқинлаштиради, деб бежиз айтишмайди.
Ҳозирги авлодга минг Майкл Жексонни, Юра Шатуновни тиқиштирманг, биздай яхши кўра олмайди...У эпоха ўз даврида ўтди, кетди. Бугун бошқа эпоха авлоди. Булар ҳам йиллар ўтиб шу қўшиқларни, шу қўшиқлар чиққан пайти бошидан кечирган севги, дўстлик ЁШЛИК туйғуларини эслайдилар.
Яна бир гап мақом айтадиган ёшлар йўқ, ёки эски давр қўшиқчиларидек овоз йўқ, деганларга ЮТУБГА киринг, ўша замондаги Фахриддин Умаровлар айтган овозлар бор, уларнинг мухлислари жуда кам, сабаби уларни излаб топиб эшитадиганлар бугун мана шу ўртадагилар янги чиққан эстрада хонандаларини қоралаш билан вақт ўтказишмоқда. Уларнинг рекламаси, уларнинг овози билан танишиш ва бошқаларни танитиш ўрнига юз миллонлаб мухлислари бор қўшиқчиларни танқид қилиш билан оворамиз. Ҳар бир нарсанинг ибтидоси бўлганидек интиҳоси бўлади. Бугун эса Ҳамдам бор, Аззамчик бор, айни пайтда, айни дамда миллионлаб мухлисларни кўнглини забт эта оладиган янги овозлар бор. Мана шу қўшиқлар эшитиб улғаяётган қалблар бор. Бизга нима учун биз эшитган қўшиқчилар ёқади ва улардан бошқаси тан олгимиз келмайди, сабаби биз ўша қўшиқлар билан улғайганмиз, ўша қўшиқлар билан севилганмиз, севганмиз, ўша қўшиқларда хотираларимиз қолган. Шу учун бизга ўша қўшиқчилар, қўшиқлар жуда катта талантдек бўлиб кўринган.
Ҳозир биз ёш қўшиқчиларни тан ололмаётганимизга сабаб қалбимизда ўшандай ёниқ ҳис-туйғулар йўқ, болалик йўқ, ёшлик завқи йўқ. У завқни топиш учун эса биз ўша давр қўшиқчиларига мурожаат қилаверамиз-қилаверамиз, яъни бугунги авлод келажакда Ҳамдам Собиров ва Аззамчик каби қўшиқчиларни эшитиб болалигини, ёшлигини қўмсагандек.
Мақолани тугатиш асносида Ҳамдам Собировнинг қўшиғига ёзилган яна бир изоҳга кўзим тушди, эринмай таржима қилдим ва мақолани шу изоҳ билан тугатмоқчиман: «Ассалому алайкум азизларим. Сизларга Руминиядан салом йўллаяпман. Ажойиб овози билан юрагимни забт этган бу иқтидорли йигитни севиб тинглайман, уни youtubeдан топдим ва шундан бери (икки ой) ҳар куни тинглайман, истеъдоди бор...».
Ҳа, шунақа биз тан оламизми, йўқми халқ баҳосини бераверади: завқ олаверади, лайклар билан сийлайверади, йўлдами, кўчадами, тўйдами жўр бўлиб рақсга тушаверади. Бир эътибор бўлса шунчалик бўлар...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter