«Ўзбеккино» бир қатор муҳим кинолойиҳаларни тўхтатади
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бир қатор муҳим кинолойиҳаларни амалга оширишни тўхтатишини маълум қилди.
«Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чораларнинг кучайтирилиши муносабати билан «Ўзбеккино» мамлакатимиз ҳудудида келишувлар доирасида амалга оширилаётган халқаро кинолойиҳаларни суратга олиш ишларини тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Биз, шунингдек суратга олиш гуруҳларининг хорижий сафарларини ҳам тўхтатяпмиз. Буни бизнинг томонимиздан юзага келган форс-мажор ҳолати сифатида қабул қилишингизни илтимос қиламиз. Сиз, хорижий ҳамкорларимиз билан ўрнатилган алоқаларни юксак қадрлаймиз. Сизни тез фурсатда мавжуд вазият билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида хабардор қиламиз. Сизни ишонтириб айтаманки, лойиҳаларни албатта амалга оширамиз. Бизни тушунганингиз учун ташаккур», - дейилади «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг бир қатор йирик кинокомпанияларга йўллаган мурожаатида.
Мазкур ҳолат юзасидан, олдин матбуотда эълон қилинган бир қатор ҳамкорлиикдаги лойиҳаларни суратга олиш ишлари номаълум муддатга қолдирилди. Хусусан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Бобурийлар сулоласи ҳақидаги киносериал («EMMAY ENTERTAIMENT» кинокомпанияси, Ҳиндистон, бюджет – $10 млн), «Маленький Мук» (“Кичкина Мук”) оилавий бадиий фильми (СТВ кинокомпанияси, Россия. Бюджет –$9 млн.га яқин), «Мистер Нокаут» спорт-драмаси (“Кинодом” кинокомпанияси, Россия. Бюджет - $3 млн), Фарҳод Маҳмудов режиссёрлигидаги «Подарок феи» (“Парининг совғаси”) эртак-фильми (Бюджет - $ 1 млн.) Би-би-Си буюртмасига биноан, Абу Али Ибн Сино фаолияти ҳақида “Clan production” медиа-компанияси томонидан суратга олиниши мўлжалланган ҳужжатли фильм, Малайзиянинг RTM телекомпанияси ҳамкорлигидаги, Имом ал-Бухорий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган 10 қисмли ҳужжатли фильм, ушбу давлатнинг “Akila Emas” ҳамкорлигидаги 5 қисмли Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильмлари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан мамлакатимиздан ташқарида суратга олинаётган барча фильмлар ва сериалларни тасвирга олиш ишлари номаълум муддатга кўчирилди. Россияда “Барон. Қайтиш” (Россиянинг «Инферно» продюсерлик маркази билан ҳамкорликда, бюджет –$1,5млн. атрофида), Россия ва Беларусда ўзбек адабиётининг атоқли вакиллари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Муҳаббат баҳори” (Бюджет $700 минг) бадиий фильмлари шулар жумласидан. Қолаверса, 2020 йилнинг 27-29 март кунлари мамлакатимизда ўтказилиши мўлжалланган “Япон киноси кунлари”, шунингдек, апрель ойига мўлжалланган “Немис киноси кунлари” доирасидаги “Шлингел” (“Шум бола”) фестивали ҳамда “Татар киноси кунлари” ҳам вақтинча қолдирилади.
«Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, кўпгина давлатларга бориб, учрашув ва тақдимотлар ўтказдик. Натижада бизнинг бозорга қатор хорижий кинокомпанияларни ҳамкорликда ишлашга жалб қилган эдик. Хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорликда суратга олиниши мўлжалланган кинолойиҳаларнинг умумий қиймати тахминан 25 млн АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда барча ҳамкорликларимиз вазиятни тушунган ҳолда, таклифимизни тўғри қабул қилиб, коронавирус хавфи бартараф этилиши ва ҳамкорликдаги ишларимиз тикланишини кутишмоқда” – дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter