Ўзбекистонлик математик — халқаро мукофот совриндори
COMSTECH (Committee on Scientific and Technological Cooperation), Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)нинг илмий ва техникавий ҳамкорлик қўмитаси (ИТҲҚ) бўлиб, 1981 йил январь ойида Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Учинчи Ислом Саммити томонидан ташкил этилган.
ИТҲҚнинг асосий вазифалари ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида фан ва технологиялар бўйича ҳамкорликни кучайтириш ва ривожланаётган ҳудудларда илм-фанни тараққий эттириш имкониятларини оширишдан иборат. Бундан кўзланган асосий мақсад илм ва маърифатни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қуватлаш ва фан ютуқларидан жадал саноатлаштиришда фойдаланишдан иборат.
ИТҲҚ нинг ижроия қўмитаси 1996 йилдаги 15-йиғилишида ИҲТга аъзо давлатларда ишлайдиган олимлар томонидан олиб борилган мухим-оламшумул илмий ишларни тақдирлаш учун (икки йилда бир бериладиган) нуфузли мукофотларни таъсис этишга қарор қилди. Тўртта мукофот тури тасдиқланган: «Энг яхши ёш тадқиқотчи»; «Энг яхши илмий китоб»; «Патент учун»; «Энг яхши илмий мақола» мукофотлари.
Ҳар бир мукофот сертификат, фахрий нишон ва пул мукофотдан иборат.
ИТҲҚ халқаро экспертлари ҳайъатининг 2020 йил 24 сентябрдаги қарорига биноан, 2019 йил учун математика соҳасида «Энг яхши илмий мақола» мукофоти, В.И.Романовский номидаги Математика институти илм-фан бўйича директор ўринбосари, профессор Ў.А.Розиқовга [Rozikov U.A. Tree-hierarchy of DNA and distribution of Holliday junctions. Jour. Math. Biology, 2017. V.75, No.6, p.1715-1733] мақоласи учун берилди.
Бу халқаро мукофот Ўзбекистон фанлар академияси Математика институти ва барча математикларимиз учун катта фахрдир.
Розиқов Ўткир Абдуллоевич:
2003 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.
2003 йилда «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» билан мукофотланган.
2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг 1-даражали Давлат мукофоти берилган.
2017 йилда «Springer Nature Top Author» халқаро мукофоти берилган.
2018 йилдан Бутунжаҳон Фанлар академияси (TWAS) академиги.
Ў.Розиқов — математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усулларини ривожлантиришда юксак натижаларга эришган математик-олим. Google scholar маълумотига кўра Ў.Розиқовнинг ишларига 3071 та иқтибослик (ссилка) қилинган ва h-index =30.
Ў.Розиқовнинг чоп этган илмий ишлари сони 250 дан кўп (жумладан, чет элнинг нуфузли журналларида 145 та). Шунингдек, Розиковнинг қуйидаги 4 та китоби ҳозирги кунда дунёнинг 200 дан ортиқ университетлари кутубхоналаридан муносиб ўрин олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter