Ўзбекистонга Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари кириб келади
24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров икки мамлакатни бирлаштириб турувчи омилларни санаркан, Ўзбекистон бозорига қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этди. Учрашув чоғида давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторида инновацияларни жорий қилишга кўмаклашиш, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш, шу жумладан, ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш борасида икки томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини кенгайтириш, киберхавфсизликни таъминлаш ва тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишни таъминлаш бўйича Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ инвестициявий лойиҳалар муҳокама қилинди.
Томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ масалаларида тажриба алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter