Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолияти қачондан йўлга қўйилади?
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали учун эксклюзив интервью берди. «Xabar.uz» мухбири нотариат соҳасида кутилаётган ислоҳотлар — хусусий нотариуслар фаолияти қачондан жорий этилиши билан қизиқди.
— Хусусий нотариус бўйича сизга бир нарсани айтаман, мана президентимиз томонидан 2018 йил 13 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3666-қарорига имзо чекилди. Шу ерда биз икки босқичдан иборат топшириқ олганмиз, — деди Русланбек Давлетов. — Бугунги кундаги нотариатнинг фожиаси, нотариатнинг тизими муаммосини таҳлил қилиб уни такомиллаштириш бўйича Адлия вазирлигига Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш топширилган эди. Бу топшириқни бажардик. Шу йилнинг 25 май куни ушбу қарор давлат раҳбари томонидан имзоланди ва оммага эълон қилинди. Ҳужжат мазмуни ОАВда, жумладан, «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида ҳам кенг ёритилди. Фурсатдан фойдаланиб бунинг учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу нотариат тизимидаги ислоҳотларнинг биринчи босқичи ҳисобланади.
Иккинчи босқичда хусусий нотариуслар фаолиятини жорий этиш кўзда тутилган. Шу ўринда Ўзбекистон тарихида хусусий нотариуслар фаолият юритганини эсга олишимиз жоиз. Уларнинг фаолияти кейинчалик тўхтатилган. Бунга етарлича асослар бўлган. Ўша пайтда кузатилган негатив тендециялар, муаммолар, қонунбузилишларни ўрганиб, яна шу хатоларни такрорламаслик учун жуда эҳтиёт бўлишимиз керак.
Давлат раҳбари нотариат соҳасидаги ислоҳотларнинг иккинчи босқичини амалга оширишдан аввал тизимни пухта ўрганиш, қайси модел ишлатилиши, у қандай оқибатларга олиб келишини инобатга олиш бўйича қатъий топшириқ берган. Бу тизимни қай тарзда бошқарамиз, тизим хусусийлашгандан кейин давлатнинг уни бошқаришдаги роли нимадан иборат бўлади, ҳозир шу масалаларни чуқур таҳлил қилиш жараёнидамиз.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 7 июлида «Ҳаракатлар стратегияси» марказида ўтказилган анжуманда иштирок этган адлия вазири ўринбосари Анвар Усмонов 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолият бошлаши ҳақида маълум қилган эди. Ўшанда у нодавлат нотариал идоралари иш юритишлари учун амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши талаб этилиши, ҳозир бу борада ҳам таклифлар ишлаб чиқилаётгани, ўзгартишлар лойиҳаси ишлаб чиқилганидан кейин у жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳақида айтиб ўтганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter