Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда олиб ташланган ҳайкаллар музейини очиш таклиф этилди

Ўзбекистонда олиб ташланган ҳайкаллар музейини очиш таклиф этилди

Фото: «Uza.uz»

Миллий матбуот марказида «Тасвирий ва амалий санъат фестивали»га бағишланган пресс-конференция бўлиб ўтди.

Тадбир ташкилотчиси бўлган Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбариятига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдухолиқ Абдураззоқов томонидан юртимиз тарихига оид бўлган жойдан-жойга кўчирилган ва олиб ташланган ҳайкалларни йиғиб музей ташкил этиш таклиф қилинди.

«Тошкентда Анҳор бўйида жойлашган ҳайкаллар «қабристони»да бир қанча санъат асарлари бор. Уларни йиғиб, музей ташкил этиш мумкин-ку. Мисол учун мактаб ўқувчиларини олиб бориб, мана бу шахс юртимизда қатағонга сабаб бўлган деб, унинг ҳайкалини кўрсатиш, тарихдан маълумот бериш мумкин-ку» , – дейди журналист.

А. Абдураззоқовнинг таклифини Акмал Нур ҳам маъқуллади:

– Ҳайкаллар авваламбор санъат асари. Уларда акс эттирилган шахслар ҳозирда муҳим бўлмаса-да, биз тарихимизни унута олмаймиз. Биз ўша 70 йиллик тарихни бошимиздан ўтказганмиз. Ўз даври акс эттирилган ҳайкаллар тўпланиб, музей ташкил этиш фикрини қўллайман.

Ишонасизми, биз Усмон Юсупов ҳайкалини ер остидан қазиб олдик. Ҳайкалларга бундай муносабат ақлсизликдир , – дейди Бадиий академия раҳбари.

Назаримизда, тарихнинг қора варақаларидан ёдгорлик бўлган ҳайкалларга ҳам музейда ўрин бўлиши лозим. Бу ўқувчиларни тарихни ўрганишида ёрдам бўлиши билан бирга, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар учун ҳам қизиқ бўлади.

Анора Содиқова, ЎзА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг