Тошкентда ўзбек-япон дўстлиги рамзи бўлган маскан очилди (фото)
Бугун, 30 апрель куни Тошкент шаҳрида 1940-йилларда Ўзбекистонда яшаган Япония фуқароларига бағишланган хотира музейи очилди. Маърифат масканининг очилиши маросимида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори, мазкур музей асосчиси Жалил Султонов ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқи қуролли кучлари томонидан 25 мингга яқин япон фуқароси замонавий Ўзбекистон ҳудудига сургун қилинган. Улар махсус лагерларга жойлаштирилган ва мажбурий меҳнат ишларига жалб қилинган. Машаққатли меҳнат туфайли уларнинг 812 нафари вафот этган ва Ўзбекистон бўйлаб қабристонларга дафн қилинган.
Тарих фани шайдоси бўлган Жалил Султонов мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин тақдир шамоли Ўзбекистонга келтириб ташлаган японларга оид ҳужжат ва манбаларни йиға бошлаган. Шу тариқа у 1998 йили ўз маблағи ҳисобидан ҳовлисида Япониялик интерн қилинган шахслар музейини ташкил қилган.
1940-йилларда Ўзбекистонда яшаган Япония фуқароларига бағишланган хотира музейи эндиликда янги бино ва янги номда фаолият бошламоқда.
Очилиш маросимида нутқ сўзлаган Кунчиқар ўлка элчиси Такаши Ҳатори икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашда ушбу музейнинг ўрни катта эканини таъкидлади.
«Музей раҳбари Жалил Султоновнинг жонбозлиги туфайли кўп сонли ўзбекистонликлар, бошқа мамлакат вакиллари, жумладан, Япониядан келган меҳмонлар музейга ташриф буюриб, экспонатлар билан танишиб, мамлакатларимиз тарихи бўйича билимини бойитиб келмоқда. Япон халқи номидан Ўзбекистон ҳудудига интерн қилинган япон аскарларига оид хотира ва материалларни кўз қорачиғидек асраб-авайлагани учун жаноб Ж.Султоновга самимий миннатдорлик изҳор этаман. Бу инсоннинг кўп йиллик саъй-ҳаракатлари туфайли япон халқининг тарихи ва хотираси сақлаб қолинди. Ранглари ва шаклу шамойилига кўра Японияни ёдга солувчи янги бино мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг янада ёрқин рамзига айланмоқда», – деди элчи Такаши Ҳатори.
Маросимда элчихона томонидан музейга Андижон вилояти ҳудудидан топилган «Муқаддас хазина» ордени топширилди. Андижонда ҳам сургун қилинган япон аскарларининг лагери жойлашган. Шунга кўра орден аскарлардан бирига тегишли бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ўзбекистонга келтирилган япон аскарлари Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, Муқимий номли драма театри, марказий телеграф ва бошқа иншоотлар, бино ва йўллар қурилишида иштирок этган. Уруш якунланганидан кейин японларни ўз ватанига қайтариш жараёни бошланган ва у 1956 йилда якунланган.
Хотира музейида Ўзбекистонда яшаган японлар ҳаётига оид манбалар, суратлар, буюмлар ҳамда бошқа қимматли экспонатлар жамланган.
Япониялик аскарлар хотирасини сақлашдаги хизматлари учун музей раҳбари Ж.Султонов 2016 йилда Кунчиқар ўлканинг «Чиқаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар» ордени билан тақдирланган. Японияга сафар қилган Ж.Султоновни мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Синдзо Абэ қабул қилган.
Маълумот ўрнида, Ж.Султонов 2020 йилда Ўзбекистон президенти фармонига асосан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан ҳам мукофотланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter