Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова вафот этди
Ўзбекистон халқ артисти, раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Қ.Дўстмуҳаммедова 1946 йил, 25 октябр санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1965 йилда М.Қори-Ёқубов номидаги Ўзбек Давлат филармонияси балет солисти сифатида бошлаган ва 1989 йилга қадар фаолият олиб борган.
Қ.Дўстмуҳамедова лирик раққоса, рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб туради. “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли” каби замонавий, шунингдек, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” ва билан мумтоз рақслари машҳур.
“Шашмақом” телефилмида қатнашган (1972), “Танавор” рақс ансамбли (Сиэтл, AҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган. Дўстмуҳамедова ижодига бағишлаб “Нафосат гулдастаси” номли филм ишланган (1985). “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган (2000).
Xabar.uz марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter