Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон темир йўллари» афғон темирйўлчилари иддаоларига жавоб қайтарди

«Ўзбекистон темир йўллари» афғон темирйўлчилари иддаоларига жавоб қайтарди

Xabar.uz бир муддат олдин Афғонистон томонининг «Ўзбекистон темир йўллари» АЖни келишилган шартномаларни бажармаётганликда айблаб чиққани ҳақида хабар берган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» Толибон ҳукумати темирйўлчиларининг ушбу иддаоларига жавобан айрим изоҳларни бермоқда.

Ўзбекистон томонига кўра, 2022 йил декабр ойида Афғонистоннинг махсус комиссияси билан кўриб чиқилиб, келишилган «Sogdiana trans» шўъба корхонаси ва Афғонистон темир йўллари ўртасидаги янги шартнома шартларини Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари томонидан янгитдан шарҳланиши ва бунда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон томонини айблашга ҳаракат қилаётгани ҳамда келишилган хизмат қийматларини бошқача талқин қилиб ўзини оқлаш учун фойдаланаётгани тушунарсиз вазиятни юзага келтирмоқда.

Шунингдек, Афғонистон томонидан Ҳайратон станциясида амалга ошириши лозим бўлган техник ишларини, ўзлари томонидан белгиланган муддатларда амалга ошира олмагани тўғрисида ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти.

Яъни, Ҳайратон станциясига етказиб берилган вагонларни бўшатиш ва қайтариш ишларини ташкил этиш учун Афғонистон темир йўл бошқармаси Қозоғистоннинг «Mansor Fateh» компанияси билан шартнома имзолаган бўлса-да, ушбу ташкилот 31 январга қадар Ҳайратон станциясида келишилган муддатда ишларни ташкиллаштиришга улгурмаган.

«Бундан ташқари «Sogdiana trans» шўъба корхонаси томонидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қўллаб қувватлаш мақсадида вақтинчалик автомобил транспорти орқали юклар ташувини ташкиллаштиришда ёрдам беришига қарамай, қўшни давлат томони тадбиркорларга юкларни автомобил транспорти орқали ташимаслик тўғрисида тавсия бераётгани ҳақида маълумотлар келмоқда», – дейилади компания изоҳида.

«Ўзбекистон темир йўллари», шу билан бирга, Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбариятининг илтимосига кўра кейинги ҳафта бошида Термиз шаҳрида Афғонистонга темир йўл орқали юкларни ташишни ташкил этиш, Ҳайратон станциясига етказиб бериш ва олиб чиқишни ташкил этиш бўйича «Sogdiana trans» шўъба корхонаси ва Афғонистон темир йўл бошқармаси ўртасида янги шартнома имзоланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Шартнома имзоланган кундан бошлаб эса Ғалаба – Ҳайратон темир йўли очилиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 феврал куни Ўзбекистон томони Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира  олмаётгани сабабли темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг