Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади!..» Ливандаги ватандош билан суҳбат

«Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади!..» Ливандаги ватандош билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги қаҳрамони Ливандаги «Universal Homes LTD» компанияси раҳбари Хайдар Багиров.

Суҳбатдошимиз 1984 йил Самарқанд вилоятида туғилган. Кейинроқ унинг оиласи Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб ўтади. Натижада, у ўрта таълимни Дубайдаги Choueifat халқаро мактабида давом эттиради.

Кейинроқ, Шаржа Америка университетининг «Бизнес бошқаруви» факультетида таҳсил олади.

Постсовет мамлакатларидаги таълимдан кескин фарқ қиларди

СССР парчаланишидан сал аввал Самарқандда туғилганман. Ҳудуд Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихий ва маданий масканларидан бири эди.

Айтишим мумкинки, болалигим жуда ажойиб ўтган. Оилам билан бутун СССР бўйлаб саёҳат қилиш, бир мунча вақт Москва, Беларус ва Сочида яшаш бахтига муяссар бўлганман. Болалигимда бутун Европа бўйлаб саёҳат қилдим ва кўп нарсаларни ўргандим. Гарчи ўша йиллари СССРда ҳаракатланиш чекловлари мавжуд бўлса-да, хайриятки, бу менга таъсир қилмаган.

1992 йил оиламиз Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб ўтди, у ерда дарҳол мактабда, кейин эса университетда муқобил таълим тизимига қўшилишим керак эди. Очиғи, бу нафақат Ўзбекистондаги, балки барча постсовет мамлакатларидаги таълимдан кескин фарқ қиларди.

Мен минтақадаги энг нуфузли ва гўзал университетларидан бири бўлган Шаржа Америка университетига ўқишга кириш шарафига муяссар бўлдим. Америка таълим тизими эътироф этилган, шунинг учун менинг танловим ушбу университетга тўғри келди. Ўз бизнесим бўлишини истаган ота-онамнинг маслаҳати билан олийгоҳнинг «Бизнес бошқаруви» дастурини танладим.

Бугун дунё жуда ўзгармоқда. Ўзбекистондаги аксарият мактаб ва университетларда шундай юқори стандартлар мавжудки, сифатли таълим олиш учун бошқа жойга боришнинг ҳам ҳожати йўқ. Чет элга саёҳат қилиш ҳар доим ажойиб, чунки улар инсоннинг ҳаёт уфқларини кенгайтиради. Ўйлашимча, мамлакатингизда сиз излаётган махсус таълим йўналиши бўлмасагина, бошқа давлатга ўқиш учун бориш мақсадга мувофиқ.

Ҳозир ҳам таълим ҳақиқий ҳаётга мос келмайди

Гарчи университетда олган билимларим бизнес фаолиятимда бир неча бор ёрдам берганига қарамай, мен ёшларга муҳандис, учувчи, архитектор, стоматолог, шифокор ва дастурчи каби касбларни танлашни тавсия қилган бўлардим.

Тўғри, мен минтақадаги энг яхши Ғарбий университетда ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Бироқ, шахсий фикримча, Ғарб таълим тизими юқори даражада эмас. Мен қийин дастур туфайли эмас, балки доимий сиқилиш ва элементар мантиқнинг етишмаслиги туфайли ўрганишда қийинчиликларга дуч келганман. Ғарбий таълим моделида мен учун когнитив билим ва реал ҳолатлар бўйича тренинглар етишмади. Умуман, 2000 йиллардаги таълим тизими анча эскирган.

Ҳозир ҳам таълим ҳақиқий ҳаётга мос келмайди. Агар отамнинг ҳаётий тажрибаси бўлмаганида, фақат университет билимлари билан муваффақиятга эриша олмасдим, деб ўйлайман. Яна шуни қўшимча қила оламанки, бизнинг дунёмиз янада динамик бўлиб бормоқда ва эски ўқитиш усуллари глобал ислоҳотга муҳтож. Бу дунёдаги энг нуфузли университетларга ҳам тегишли.

Эртага ҳамма нарсани йўқотишингиз мумкин

Отам муваффақиятли бизнесмен, ундан кўп нарсаларни ўргандим. Мен ниҳоятда омадли инсонман, деб айта оламан, чунки отамнинг ўтмишдаги хатоларидан сабоқ олишга муваффақ бўлдим. Натижада, у орқали жуда кўп тажриба ва билимлар билан ўз карьерамни бошладим. Ишонаманки, бизнес ҳамма учун ҳам мос эмас, боиси у жуда хавфли соҳа.

Бугун сиз ўнлаб миллион доллар ишлаб олишингиз, эртага эса ҳамма нарсани йўқотишингиз мумкин. Ходим сифатида мартаба қилиш анча барқарор ва хавфсизроқ. Агар сизда катта амбициялар бўлса, бизнес сизнинг соҳангиздир.

Ливан тизими энг ноёб бўлиб туюлди

Гарчи дунёнинг кўп жойларида бизнес очиш имкониятига эга бўлсам ҳам, Ливан тизими менга энг ноёб бўлиб кўринди. Аввалига буни тушуниш қийин эди, лекин Ливанда яшаб, бу ерда бизнес юритиш учун жуда қулай шароитлар яратилганига гувоҳ бўласиз. Ливан ҳар доим Форс кўрфази мамлакатларида юқори лавозимларга таклиф қилинган истеъдодлари ва профессионаллари билан машҳур бўлган. Ливанда мени ҳайратга соладиган нарса бу нафақат ажойиб тоғ-чанғи ва пляж курортларига эга бўлган ғайриоддий табиати, балки одамларнинг қизиқарли турмуш тарзи ва менталитетидир. Мен ливанлик каби профессионаллар билан ишлашни жуда хоҳлардим, шунинг учун «Universal Homes LTD»нинг Бош офисни шу ерда очдим. Айтмоқчиманки, Ливанда ишлаш ҳақиқий завқ.

Компаниямиз йирик ишлаб чиқарувчилар билан турар-жой ва тижорат лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилади. Хусусан, бизнес стратегияларини ишлаб чиқишда кўмаклашамиз.

Рақобатда фақат афзалликларни кўраман

Дунё иқтисодларининг аксарияти капиталистик тизимга ўтди. Муваффақиятга эришиш учун сиз унга мослаша олишингиз керак. Капитализм бизга рақобатни ўргатди, рақобат эса, ўз навбатида товарлар ва хизматлар сифатини яхшилайди. Шахсан мен рақобатда фақат афзалликларни кўраман. Яъни ўзингни, билимингни синаб кўриш, пировардида яхшироқ хизмат кўрсатиш учун имкон чегараларини босиб ўтиш. Рақобатчилардан устунлик ҳиссини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди.

Ҳамфикрлар умумий мақсадга эришиш учун - пул эмас, балки яхшироқ бўлиш учун бирлашганда, инсон тафаккурининг кучи нимага қодир эканлигига ақл бовар қилиб бўлмайди. Пулга интилиш камдан-кам ҳоллардагина муваффақиятга олиб келади. Рақобат бизнес учун яхши. Сиз ундан қўрқмаслигингиз лозим.

Ўз бизнесини очган одамлар ўзлари бошлаётган таваккалчиликларини яхши билишади. Шахсан мен, оригинал бизнес-режани, ҳатто энг моҳир стратегияни ҳам ҳеч қандай тузатишларсиз амалга оширилганини кўрмаганман. Фикримча, бизнесдаги қийинчиликларни эрта аниқлашга одатланиш зарур.

Мослашувчанлик муваффақият калити

Баъзи одамлар муаммолар ва қийинчиликларни салбий нарса деб билишади. Ҳеч қачон муаммони унутиш учун тузатишга уринмаслик керак. Қандай шароитларда бу ҳолат яна такрорланиши мумкинлигини тасаввур қилиш ва шу асосда келажакда шунга ўхшаш қийинчиликларни олдини олиш учун бизнесга ёндашувни тўғрилаш самарали ҳисобланади.

Тадбиркор рискларни ҳисоблаб, бозор шароитига мослаша олиши керак. Бизнес-режа, албатта муҳим, аммо мослашувчанлик муваффақият калитидир.

Фаолиятда фақат молиявий маълумотларга таянишнинг ўзи етарли эмас, таҳлил қила билиш ҳам муҳимдир. Маълумотни олганингизда, у қоида тариқасида, ўз аҳамиятини йўқотади. Ҳар куни барча товарларнинг нархларини кузатиб бориш ва инқирозли вазиятларни олдиндан кўра билиш керак. Агар сиз ўз вақтингизни глобал таҳлилларни кундалик ўрганишга тайёр бўлмасангиз, унда бизнес сиз учун эмаслиги аниқ. Таҳлилларга янгиликлар, товарлар, валюта курсининг ўзгариши, янги қонунлар, бизнес юритаётган мамлакатнинг молиявий аҳволи кабиларни киритиш мумкин.

Амалга ошириб бўлмайдигандек туюлган орзудан бошланди

Менимча, Ўзбекистон барқарор иқтисодий тараққиёт йўлини босиб ўтмоқда. Буларнинг барчаси мамлакат президентининг оқилона ва адолатли сиёсати туфайли амалга ошмоқда. Пойтахт Тошкент ҳозир ривожланиш автопилотида. Бундан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва бошқа шаҳарларда асосий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди, бу ҳақиқатан ҳам улкан ютуқдир. Энди каттароқ ва улуғвор лойиҳаларни амалга ошириш вақти келган. Ўртача турмуш даражасидан қониқмаслик, аксинча, дунёнинг энг яхши шаҳарларига қарши чиқиш, катта орзу қилишдан қўрқмаслик, танқидий фикрлаш ва муваффақиятга интилиш лозим.

Масалан, дунё туризм ва технология маркази, шунингдек, бойлик жамланган Дубайни олайлик. Дубайнинг муваффақияти энг яхшиларнинг энг яхшиси бўлиш ва ўз аҳолиси учун дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган яшаш шароитларини яратиш ҳақидаги дадил тасаввур ва амалга ошириб бўлмайдигандек туюлган орзудан бошланди. Идеал шаҳар ҳақидаги бу тасаввур 2006 йилда, мамлакатнинг энг юқори халқаро истеъдодлари кела бошлаганида амалга ошди. 6-8 йилга етмай улар Дубайни эртак шаҳрига айлантиришди. Катта орзу қилиш ва режаларни амалга оширишга интилиш имконсиз нарсани амалга оширади. Мен шаҳарнинг ақл бовар қилмайдиган ўзгаришига гувоҳ бўлдим ва бевосита иштирок этдим. Дубай ва Абу-Дабининг асосий муваффақият омили шундаки, мамлакатнинг асосий лавозимларига дунёнинг турли бурчакларидан мутахассислар таклиф қилинган, улар ўз мақсадларига эришиш учун муҳим билим ва тажриба алмашган.

Қанчалик кўп хато қилса, шунчалик тажрибали бўлади

Ўйлашимча, муваффақиятли одамларнинг эски интервьюларини томоша қилиш анча қизиқ ва фойдалироқ. Муҳими сўзларнинг ўзи эмас, балки уларнинг маъноси. Мисол учун, агар сиз Apple асосчиларидан бири Стив Жобс интервьюларини кўрсангиз, 80-90 йилларда у ўз даври учун жуда илғор бўлган нарсалар ҳақида гапирганини сезасиз. У вақт машинасини яратиб, 2020 йилдан ортга қайтгандек туюлади. Унинг тафаккури замондошларидан жуда фарқ қилган. Бу ҳатто технология ҳақида эмас, балки бизнес юритиш ёндашуви ва бошқарув модели ҳақида. Бу сизни камроқ нарсага рози бўлмасликка илҳомлантиради. Ҳеч ким буни қилмаса ҳам, янги ва яхшироқ нарсага интилинг. Гап шундаки, афсоналарни томоша қилиш, улардан ибрат олиш аксарият китоб ёки фильмлардан кўра қимматлироқ.

Инсон қанчалик кўп хато қилса, шунчалик тажрибали бўлади. Ақлли одамлар бошқаларнинг хатоларидан ўрганадилар, уларни ўзлари такрорламасликка ҳаракат қиладилар.

Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади

Менимча, ҳаёт фақат бизнес ва пулдангина иборат эмас. Иш, оила, саёҳат ва очиқ ҳавода дам олиш ўртасида мувозанатни сақлаш муҳимдир. Кунига 10 соат ишлашга мажбур бўлган пайтларим бўлган. Энди бу керак эмас, чунки мен бир хил натижага камроқ вақт ичида эриша оламан. Бугун кунига 4 соат ишлайман. Қолган вақтимни табиат қўйнида ўтказаман, чанғида учаман ёки оилам билан вақт ўтказаман. Энг сўнгги севимли машғулотларимдан бири – ов қилиш. Кўп йиллардан буён Ўзбекистондан узоқда бўлишимга қарамай, у менинг қалбимда алоҳида ўрин тутади. Мамлакатда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, Президентнинг оқилона сиёсати туфайли биз Ўзбекистонга сармоя кирита бошладик. Умид қиламизки, вақт ўтиши билан бизнинг инвестицион портфелимиз фақат ошади. Ишонамизки, Ўзбекистон тадбиркорлар учун ажойиб сармоявий имкониятларни тақдим этади ва келажакда мамлакатни фақат фаровонлик кутмоқда.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг