Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон Қаҳрамони»нинг устамаси нима учун «Ўзбекистон халқ артисти»никидан кам?

«Ўзбекистон Қаҳрамони»нинг устамаси нима учун «Ўзбекистон халқ артисти»никидан кам?

Фото: «Векипедия»

«Адолат» газетасининг навбатдаги сонида давлат унвонлари билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақидаги таклиф эълон қилинди. «Адолат» СДП раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмоновнинг фикрига кўра, амалдаги қонунчилик қайта кўриб чиқилиши лозим.

Гап шундаки, фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонини белгилаш ва олий нишон — «Олтин юлдуз» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги қонуни ҳамда шу қонун билан тасдиқланган «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони тўғрисидаги низом асосида тақдирланади.

Мазкур низомнинг 6-моддаси биринчи хатбошисида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар», деб белгилаб қўйилган ва бу талаб ҳозирги кунда ҳам амалда. Бу устама миқдорини бошқа устама белгиланган мукофотлар билан солиштирадиган бўлсак, сезиларли даражада номутаносибликлар мавжуд. Масалан, Ўзбекистон қаҳрамонининг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробарини ташкил этса, халқ артистининг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробарига тенг. Ҳаттоки, хизмат кўрсатган артистнинг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси ҳам қаҳрамоннинг устамасидан кўпроқ — энг кам ойлик иш ҳақининг 1,8 баробари миқдорида.

Сиёсатчининг фикрича, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони мамлакатимизнинг олий даражадаги мукофоти бўлганлиги сабабли унвон соҳибларига бериладиган устама миқдори оширилиши, шунингдек ушбу унвон соҳибларига ҳам бошқа унвонлар соҳиблари учун жорий қилинган имтиёзларни эътиборга олган ҳолда қўшимча имтиёзлар берилиши бугунги ислоҳотларга тўлиқ мос бўлади.

Бунинг учун 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини белгилаш ва олий нишон — «Олтин юлдуз» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони тўғрисидаги Низомнинг 6-моддасидаги «энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида» деган жумлани «энг кам ойлик иш ҳақининг __ (масалан беш) баробари миқдорида», деган жумла билан ўзгартиш ва бошқа қонун ҳужжатларини бунга мослаштириш кифоя.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг