Хорижий тилни биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш тўхтатилди

Хорижий тилни биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш тўхтатилди.
Бу ҳақда Президентининг 2024 йил 25 декабрдаги ПҚ-455-сон қарорида гап боради.
Хорижий тилни биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш 2022 йил 1 январдан бошланган эди. Мазкур тартиб жорий қилинган ПҚ-5117-сон қарорда давлат хизматчилари томонидан хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш ҳамда давлат органларини юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар билан тўлдириш мақсад қилинган.
Унда, жумладан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш, 2022 йил 1 январдан бошлаб хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат хизматчилари лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўлаш тартибини йўлга қўйиш белгиланган эди.
2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун ижросини таъминлашга оид Президент қарорига кўра, 2 йил амал қилган юқоридаги тартиб бекор қилинмоқда.
Шунингдек, қарор билан Тошкент Ислом университети битирувчиларига, шу жумладан Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларига ҳам 20 фоизгача ойлик қўшимча ҳақ энди тўланмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter