Ўзбекистон кучли 20 таликка кира оладими? Президент Қарори ҳақида
Шу кунларда «Бизнес юритиш» халқаро рейтинги кўп тилга олиняпти. Бунга икки сабаб бор: биринчиси, Халқаро банкнинг 2018 йил октябрь ойи охиридаги «Бизнес юритиш 2019: тренинглар ва ислоҳотлар» номли маърузаси, иккинчиси эса куни бир ҳафта аввал (05.02.2019) қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4160 сонли Қарори. Мақола ана шу икки ҳужжат ҳақида.
Аввало, «Бизнес юритиш» доклади ўзи нима деган саволга жавоб берсак.
«Бизнес юритиш» доклади («Doing Business Report») — Жаҳон банки махсус гуруҳининг ҳар йили дунёдаги 190 мамлакатда бизнес юритиш шароитларини 10 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилиб, натижаларини жамлаган доклади. 16 йилдан бери тайёрлаб, эълон қилиб келинадиган ушбу доклад тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан тортиб уни олиб бориш ва якунлаш (корхонани ёпиш)га қадар жараёнларни тартибга соладиган ҳуқуқий нормаларни баҳолаб боришга қаратилган.
«Бизнес юритиш 2019: тренинглар ва ислоҳотлар» номли сўнгги маърузада айтилишича, охирги йилда бутун дунё бўйлаб ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган 314 та ислоҳот қилинган. Бу турли мамлакатлар ҳукуматлари томонидан амалга оширилган тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган ўзгаришларнинг ўзига хос рекорд кўрсаткичидир.
Доклад эълон қилиб келинаётган сўнгги 16 йилда эса дунё бўйлаб тадбиркорлик соҳасини осонлаштиришга қаратилган жами 3500 та прогрессив ислоҳот амалга оширилган.
Энди бевосита Ўзбекистоннинг натижаларига тўхталсак.
Бундан 5 йил аввал юртимиз ушбу рейтингда 190 мамлакат орасида 149-ўринда турар эди. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада яхшиланди ва Ўзбекистон рейтингда 76-ўринга кўтарилди.
Албатта, рейтинг нисбийлик асосига қурилган. Бир давлат ўзи амалга оширган ислоҳотлар билангина рейтингда юқорилаб боравермайди. Чунки мусобақадош бошқа мамлакатлар ҳам қараб турмайди. Улар ҳам бизнесни қулайлаштириш йўлида ўзгаришлар қилади. Шунга кўра сўнгги йилларда Ўзбекистонда ислоҳотлар шиддати сусаймаган, аксинча, ортган бўлса-да, рейтингда икки поғонага пасайдик. Сабаби, бошқа давлатлар ҳам жуда кўп ўзгаришлар қилди.
Масалан, 2018 йилда Афғонистон, Жибути, Хитой, Озарбайжон, Ҳиндистон, Того, Кения, Кот-д'Ивуар, Туркия ва Руанда энг кўп ўзгаришлар қилган давлатлар қаторида саналган. Амалга оширилган жами 314 ўзгаришнинг учдан бир қисми, яъни 107 таси Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Юқорида тилга олинган 10 та банд бўйича Ўзбекистонда энг яхши кўрсаткич «Корхоналарни рўйхатга олиш» йўналишида қайд этилган, ушбу мезон бўйича Ўзбекистон жаҳонда 12-ўринда туради. Энг ёмон кўрсаткич эса «Халқаро савдо» йўналишида бўлиб, биз 165-ўринда турибмиз (ўтган йили 168-чи эдик!).
Демак, ислоҳотлар янада жадал бўлиши, мамлакатда тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш чоралари кўрилиши, жиддий ўзгаришлар мунтазам ва тизимли тарзда амалга ошириб борилиши лозим. Буни яхши англаган мамлакат раҳбарияти ўз олдига жиддий мақсад қўйди ва зарур чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди.
Мақсад кейинги уч йилда рейтингда кучли 20 таликка кириш!
«Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори айнан шу мақсадда қабул қилинган.
Қарорда юқорида тилга олинган 10 йўналишнинг ҳар бири бўйича республикада амалга оширилиши лозим бўлган қатор енгилликлар кўзда тутилган. Энг кўп ўзгариш қурилиш соҳасида бўлади. Бундан ташқари мулкни рўйхатдан ўтказиш, электр таъминоти, миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш, контрактлар ижросини таъминлаш, халқаро савдо соҳаларида кўплаб енгилликлар берилиши кўзда тутилмоқда.
Қатор бюрократик тартиблар бекор қилинмоқда (масалан, тадбиркорлар энди муҳрсиз ҳам фаолият юритиши мумкин, корхонани Давлат хизматлари агентлигида бир неча дақиқаларда рўйхатдан ўтказиш, сўнг ўша ернинг ўзида банкда ҳисоб рақами очиш мумкин бўлади, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатнома керак эмас ва ҳоказо), электрон ҳужжат алмашинувига кенг йўл очилмоқда, ҳиссадорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Ўзбекистон рейтингда 2020 йилда — 66, 2021 йилда — 33 ва 2022 йилда — 20-ўринга кўтарилиши керак (шиддатга эътибор беринг!).
Бу мақсадга эришиш мумкинми? Рейтингда юқори ўрин олиш бизга нима беради? Қарорнинг аҳамияти қандай? Охир-оқибат биз нимага эришамиз?
Ушбу саволлар билан хусусий сектор вакиллари, тадбиркор ва иқтисодчи мутахассисларга мурожаат қилдик. (Қарорда бундан кейин рейтингда юқорилаб бориш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда хусусий бизнес вакиллари билан мунтазам маслаҳатлашиб бориш вазифаси ҳам белгиланган.)
Зафар Ҳошимов, тадбиркор:
Маррани юқори олиш лозим
«Doing Business Report» мутахассислари ҳар йили бизнес йўлидаги тўсиқлар, қийинчиликлар ва шарт-шароит ҳақида объектив маълумот олиш учун тадбиркорларнинг кенг қатлами орасида суҳбатлар ва интервьюлар ўтказишади. Биз у сўровномаларда мунтазам қатнашиб борамиз. Ушбу жараён билан бевосита таниш инсон сифатида айтишим мумкинки, рейтингда 20 таликка кириш мумкин.
Расмиятчилик ва қоғозбозликнинг кўплиги туфайли қанчадан-қанча бизнес ғоялар амалга ошмай қолиб кетди. Бизнес қиламан деб турли ташкилотларга бориб, боши бир-икки деворга урилиб, охири менинг қўлимдан келмас экан, деб ташлаб кетган тадбиркорларнинг йўқотилган ғоялари туфайли иқтисодимиз бой берган нарсаларни биз ҳали ҳисоблаб чиқмадик.
Биз чакана савдо билан шуғулланамиз. Асосий ишимиз харидорга қулайлик яратиш, маҳсулотни сифатли ҳолатда етказиб бериш, нархларни тушириш устида бош қотириш ва ҳоказо. Аммо бунинг ўрнига бошқа ташкилий ишлар, оворагарчиликларга ўзимизни, вақтимизни ва бошқа ресурсларимизни сарфлаймиз. Тўртта одам қилаётган ишни битта одам қилса, албатта, хизматларимиз ва маҳсулотларимизнинг нархи тушади, рақобатбардошлигимиз ошади, бизнес ривожланади, халққа ҳам яхши бўлади.
Бизда ишчи кучи арзон, энергия ресурсларимиз бор, аммо нега бизнес қилиш қийин эди? Чунки бюрократия ва сунъий тўсиқлар туфайли инвестицион жозибамизни йўқотиб қўйгандик.
Бизнес юритишни соддалаштириш, аслида, биз ўйлаганчилик оғир иш эмас. Бу ерда кўп нарса сиёсий иродага боғлиқ. Қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга тўлиқ татбиқ қилиш масъулларнинг, идораларда ишлаётган шахсларнинг сиёсий иродаси ва мафкуравий етуклигига боғлиқ.
Қарорда мен мамлакат раҳбариятининг катта сиёсий иродасини кўрдим. Энди қуйи поғонадаги раҳбарларнинг аҳволни нақадар тушуниши, ўз шахсий ва корпоратив манфаатларидан мамлакат манфаатлари йўлида воз кеча олиши, бунга куч ва иродаси етишига кўп нарса боғлиқ.
Давлат ўзи корхоналар очиб, ишчи ўринлар яратиб ўтириши керак эмас. Бизнес қилишни соддалаштириб берса, тадбиркорлар ҳам кўпаяди, иш ўринлари ҳам яратилади, фаровонлик ҳам ошади.
Хорижлик тадбиркорлар инвестиция олиб киришдан аввал, албатта, ушбу рейтингни ва биздаги ҳолатни ўрганишади. Кузатишлари натижасидан қониқсалар, маблағ олиб кирадилар. Яъни рейтингда юқорилаш туфайли мамлакатимизнинг инвестицион жозибаси ортади.
Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирлар ва умуман мақсадни жуда ижобий баҳолайман. Давлатдан шундай ташаббус чиқаётгани мени ислоҳотларга оптимистик назар билан қарашга ундайди. 20 талик эмас, 30 таликка, боринг, 40 таликка кирсак ҳам, бу жуда яхши кўрсаткич. Маррани доим юқори олиш керак.
Абдуқаҳҳор Иминохунов, иқтисодчи, тадбиркор:
Ижобий ўзгаришлар бор, аммо янада кўпроқ бўлиши керак
Қарорни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ўз компаниям фаолияти мисолида айтадиган бўлсам, 2016 ва 2018 йилда қурилиш қилган эдик, 2018 йилда қурилиш қилиш учун рухсатномалар олиш жараёни сезиларли даражада соддалашгани, тадбиркорлар учун қулайлаштирилгани амалда кўринди.
Бу архитектура-қурилиш топшириғи ва қўшимча қурилиш қилиш учун рухсатни бевосита ҳокимиятга бормасдан, Давлат хизматлари маркази орқали олганимизда яққол кўринди
Қарор билан ушбу жараён янада соддалаштирилиши белгилаб берилибди, бу ишлар, албатта, таҳсинга сазовор
Ҳозирги кунда тадбиркорлик учун ер майдони сотиб олаётганда унинг қандай мақсад учун олиниши аниқ кўрсатилиши талаб этилади, қарор билан бу талаб бекор қилиниши ҳам ижобий қадам бўлган.
«Топосъёмка» ҳам қўшимча харажат талаб қилувчи тадбир, бу иш энди тадбиркор учун текин бўладиган бўлибди, ҳам вақт, ҳам маблағ тежалади.
Шу билан бирга, назаримда, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, банкларда ҳисоб рақами очишни масофавий қилиш мумкинлиги ёзилган, лекин механизми аниқ очиб берилмаган, ФАТФ талабларига ҳавола берилган, аммо бу талаб аниқ очиб берилмаган.
Таклифим шуки, ҳудудларда ҳар бир банк филиали Давлат хизматлари марказига ўз тижорат таклифларини берсалар, тадбиркорлик субъекти очилган вақтда тадбиркор ўз хоҳишига кўра ўзи истаган банк филиалини танласа ва ДХМ тадбиркорнинг шахсини паспорти орқали аниқлаб, ҳисоб рақами очиш учун аризани банк филиалига жўнатса, бу масала масофавий ҳал бўлади.
«Йўл харита»даги 43-банд жуда қизиқарли, лекин авиа ва темир йўл соҳасида монополия ҳукм суриб турган бир пайтда ушбу бандда кўрсатилган вазифалар яна айнан шу монополистларнинг ўзига юкланиши тўғримикан деган савол устида ўйлаб кўриш керак.
Алишер Абдужабборов, хусусий тадбиркор, иқтисодчи:
Сон эмас, сифат муҳим
Қарорни ўқиб чиқдим. Очиғини айтадиган бўлсам, унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга ошиши, умуман, ушбу рейтингда кўтарилиш биз учун зарар келтирмайди. Мақсадга эришиш учун имкониятимиз ҳам бор: Грузия кучли 10 таликка кирди, демак, Ўзбекистон ҳам кучли 20 таликка кириши мумкин.
Аммо мақсад фақат ўринлару кўрсаткичлар ортидан қувиш бўлиб қолмаслиги керак. Охир-оқибатда мазмунан ўзгаришлар ҳам бўлиши лозим.
Масалан, Электрон ҳукуматни ҳам эзгу мақсадлар учун жорий қилдик. Лекин ушбу электрон тизим нақадар қулай? Е-Контракт деган дастур моҳиятан оддий тадбиркорнинг иши осонлашиши учун жорий этилган, аммо амалда Е-Контрактни тўлдиришни ўрганиш учун одамлар 10 кунлик курсда ўқияпти... Яъни осонлаштириш мақсадида қилинган иш охир-оқибат қийинчиликлар туғдиряпти... Қарордаги чора-тадбирларни амалга оширишда шу ҳолатлар такрорланмаслиги лозим.
Бизнес юритишни осонлаштириш учун кўп нарса керак эмас. Ислоҳотчиларда мақсад, хоҳиш ва сиёсий ирода бўлса, депутатлар инсон манфаатларини ўйласа, порахўрларнинг эсига инсоф, виждон деган нарсалар тушса бўлди. Кампаниябозлик эмас, ишни бошиданоқ пухта қилиш ҳақида ўйланса, албатта, биз фақат рейтингларда юқорилаб қолмай, туб ўзгаришларни ҳам амалга ошира оламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter