Ўзбекистон элчихонаси микроавтобусига снаряд парчаси урилди
Ўзбекистон элчихонасига тегишли бўлган микроавтобус Ўзбекистон фуқароларини Харьковдан эвакуация қилаётган пайтда шрапнел (думалоқ ўқлар билан тўлдирилган артиллерия снаряди) парчаси келиб урилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов «Дарё» нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
«Харьковда элчихонага тегишли дипломатик микроавтобуснинг олди ойнасига, ён томонни кўрсатувчи ойналарига снаряд парчаси зарар етказган. Шрапнел тушган дейишди», — деди элчи.
Алишер Курмановнинг айтишича, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмаган.
Дипломатимиз талабалар билан биргаликда поездга чиқиб, Львовга етиб олиши керак эди. Харьковдан машинада чиқиб кетиш жудаям қийин ва хатарли эди. Машинада етиб боролмасдик. Биз имкон қадар манзилга тез боришимиз керак эди. Машинага зарар етган, унинг устига ёнилғи ҳам тугаганди. Шу сабабли микроавтобусни вокзалда қолдирдик», — деди Алишер Курманов.
Элчининг сўзларига кўра, вазият тинчиганидан сўнг ўзбек диаспораси вакилларидан машинани бошқа жойга олиб қўйиш илтимос қилинади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Украинадаги ўз фуқароларини Польша орқали эвакуация қилмоқда. 28 февраль куни Тошкент вақти билан 17:15 да Ўзбекистон фуқаролари бўлган илк самолёт Польшадан Ўзбекистонга йўл олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter