Ўзбекистон делегацияси Евросиё аёллар форуми мажлисида иштирок этди
2021 йил 13 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Евросиё аёллар форумининг «Тинчлик ва ишонч дипломатиясини ривожлантиришда аёллар миссияси» деб номланган ялпи мажлисида иштирок этди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Мажлисда Озарбайжон, Бангладеш, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Габон, Мозамбик, Мўғулистон, Молдова, Никарагуа, Тожикистон, Туркманистон, Зимбабве ва Эрон каби 110 та мамлакатнинг 350 га яқин делегати, ижро этувчи ҳокимият вакиллари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доиралар, жамоат ва академик ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Евросиё аёллар форумининг ялпи мажлисини Россия Федерацияси Кенгаши Раиси В.Матвиенко очиб берди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева сўзга чиқди. Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси раҳбари иштирокчиларни Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг асосий натижалари, сиёсий ташаббуслар, шунингдек, мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида хабардор қилди.
Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон томони хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни халқаро ҳамжамиятда тарғиб қилиш бўйича тажриба алмашишга ва бошқа давлатларнинг бу борадаги илғор амалиётини ўрганишга тайёрлиги билдирилди.
Ялпи мажлис иштирокчилари 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл спикерларининг навбатдаги 14-саммитига таклиф этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққан бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари пандемия оқибатларини бартараф этиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни тарғиб қилиш, барқарор ривожланишга эришиш бўйича ўз мамлакатлари тажрибаси билан, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан ўртоқлашди.
Мажлис якунлари бўйича гендер тенгликни мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter