Ўзбекистон давлат бюджети контрабандадан азият чекмоқда – Давлат қандай чора кўряпти ва фуқаролар нима қила олади?
700 миллиардов сўм. 2023 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон давлат бюджетига айнан мана шундай салмоқли сумма келиб тушмади, чунки мамлакатда ҳануз тамаки маҳсулотлари контрабандаси ўткир муаммо бўлиб қолмоқда. Экспертларнинг прогнозларига кўра, йил охирига бориб бу рақам 1 триллион сўмга етади. Ўзбекистондаги ноқонуний тамаки бозори кўлами эса қарийб 25% ни ташкил қилади.
Бу маблағлар давлатнинг ижтимоий эҳтиёжларига йўналтирилиши мумкин эди. Аммо, бунинг ўрнига, виждонсиз сотувчилар бойимоқда.
Улар акциз солиғи тўламайдилар ва тегишлича, улар сотаётган маҳсулотни белгиланган меъёрлар ва стандартларга мувофиқ, дейиш қийин. Ҳали ҳам пойтахт ва ҳудудлардаги кўча сотувчилари ҳамда қатор савдо нуқталарида харид қилиш мумкин бўлган акциз маркаси йўқ тамаки маҳсулотларини том маънода секин ҳаракатга келувчи бомба деб аташ мумкин. Ахир улар қандай ишлаб чиқарилгани ва таркибида саломатлик ҳамда ҳаёт учун қандай хавфли моддалар мавжудлиги номаълум.
Қолаверса, амалиёт кўрсатишича, контрабанда сотувчилари жиноий тўдалар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу ҳол сифатсиз, сертификатсиз товарни танлаётган одамлар жиноятга шерик бўлаётганларини ҳамда қонунбузарликни молиялаштираётганини англатади.
Давлат ноқонуний тамаки маҳсулотига қарши курашга қаратилган қатор чораларни амалга оширмоқда. Энг юқори миқёсда бу йўналишда жавобгар органларнинг саъй-ҳаракатларини тартибга солувчи ҳужжатлар қабул қилинган. Биринчи навбатда, бу «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қароридир.
Жорий йилнинг ноябр ойида бизнесни лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликка муҳим ўзгартишлар ва қўшимчалар киритувчи Қонун имзоланди. Ҳужжат тамаки ва алкогол сотувчилари учун лицензия олишни қийинлаштиради. Бундан ташқари, энди Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигини, чакана савдо эса – жойлардаги туман (шаҳар) солиқ инспекцияларини хабардор қилиш тартибида амалга оширилади. Шунингдек, тамаки ва алкогол савдоси лицензияси бир йил давомида такроран берилмайдиган фаолият турлари рўйхатига кирди. Лицензиат ёки рухсат берувчи ҳужжатга эга шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари тизимли (бир йилда икки ва ундан кўп марта) равишда бузилганда, шунингдек, фуқаронинг ҳаёти ва саломатлигига зарар етишига олиб келган, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига ва атроф-муҳитга зиён келтирган қўпол қонунбузарлик бир марта рўй берганда, лицензия бекор қилинади.
Ва ниҳоят, Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг салмоқли миқдордаги ноқонуний айланмаси буткул жиноий жавобгарликка айланади. Бу соҳада қонунбузарлик учун 200–400 БҲМ миқдорида жарима, қўпол қонунбузарлик ҳолатларида эса – ҳуқуқбузарлик ашёларини тўлиқ мусодара этиш ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
Контрабандага қарши курашда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси давлатга ёрдам бера олади. Агар харидор ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотилишига дуч келса, бу ҳақда тегишли органларга хабар бериши мумкин. Ўзбекистонда Soliq.uz иловаси орқали тамаки махсулотларининг ноқонуний сотилиши ҳақида хабар берган истеъмолчиларни тақдирлаш тизими ишлаб турибди. Агар мураккаб бўлмаган ариза топшириш таомилидан кейин фактлар тасдиқланса, аризачи жарима суммасидан кэшбекка – камида 2 000 000 сўмга эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter