«Ўзбекистон булбули» Таваккал Қодиров баҳорнинг фарзанди эди!
Ҳаётда қанча яшаш эмас, қандай яшаш муҳимдир. Баъзи инсонлар қисқа умр кўрса-да, асрларга татигулик меҳнати сабаб одамлар ёдидан ўчмайди. Бундай инсонлар сирасига «Ўзбекистон булбули» дея этироф этилган Ўзбекистон халқ артисти, профессор Таваккал Қодировни ҳам киритиш мумкин. У 70 йил умргузаронлик қилиб, бундан 22 йил аввал боқий дунёга рихлат қилган бўлса-да, ҳамон ёдимизда. У ҳар йилнинг баҳорида «...Дўстлар ғаниматдир, сайр этинг гулистонлар» дея хониш айлаб, қалбларимизга ўзгача илиқлик, қувонч олиб киради.
Онанинг оҳи: «Таваккал қилдим, Аллоҳ»
Фарзанднинг дунёга келиши ота-она учун бахт, Таваккалнинг туғилиши эса қувалик Мулла Қодир ва Тўтибиби ая учун чинакамига мўъжиза бўлган эди. Боиси, улар бирин-кетин туғилган саккиз фарзандини тупроққа қўйиб, қалблари фарзанд доғида ўртанарди. Тўтибиби ая яна ҳомиладор бўлди, бундан кўнглининг бир чети қувонса, бир учи мулзам тортарди. Ой-куни яқинлашиб қолганда қўшни жувонлардан бири Тўтибибининг қулоғига: «Тўлғоғингиз тутганини ҳеч кимга билдирманг, доясиз кўзингиз ёриса, болангиз нобуд бўлмасмиш. Шу иримини ҳам қилинг, зора фарзандингиз омон қолса», — дейди.
Чорасиз қолган аёл «эмига тушсин» дея қўшни жувоннинг айтганларини қилади. «Аллоҳим, ўзингга такаввал қилдим, бу бола ё меники, ё тупроқники бўлсин. Исми ҳам Таваккал бўлсин!» дея нола қилади. Шундай қилиб Таваккал Қодиров 1926 йил 24 апрелда ҳовли четидаги бедапоя бағрида дунёга келади.
Қутлуғ қадам
Эр-хотиннинг бағри тўлди. Таваккал уларнинг зим-зиё ҳаётига қуёш нури сингари кириб борди. Орадан кўп ўтмай улар яна икки ўғилнинг ота-онасига айланишди. Таваккал болалигидан санъатга меҳр билан улғайди. Аввалига мактабдаги ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, Ғофир Ҳошимовдан мусиқий сабоқ олди. Султонобод қишлоғига радио карнайи ўрнатилганда Таваккалнинг қувончи оламни тутганди. У кун бўйи карнай тагида ўтириб, Тўйчи ҳофиз, Маматбува, Эрка қори, Юнус Ражабий, Болта ҳофиз, Ҳожихон Болтаев, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Бобораҳим Мирзаев каби кўзга кўринган ҳофизларнинг қўшиқларини сел бўлиб тингларди.
«Якка бу ҳофиз Фарғонада»
Таваккалнинг овози кенг қамровли бўлгани боис Ғофир Ҳошимов ашулаларнинг авжини унга айттирарди. Секин-аста унинг қўшиқлари ҳаваскорлик тўгарагидан туман радиосига кўчди. Унинг шинавандалари ҳам кун сайин ортиб бораверди. 1961 йилда Фарғона мусиқа билим юртини, кейин Фарғона педагогика институтини тугатди. У дастлаб қувалик Т.Каримовдан доира ва ғижжак чалишни, Ғофир Ҳошимовдан ашула йўлларини ўрганди. Кейинчалик Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов сингари улуғ ҳофизлар мактабининг давомчиси сифатида ўзига хос услуб яратди. Ҳофиз юзлаб қўшиқлар ижро этди. У куйлаган «Бизни ташлаб», «Ўхшайди-ку», «Тошкент ироғи», «Найларам», «Қўқон ушшоғи», «Тановар», «Фасли навбаҳор ўлди», «Фарғона тонг отгунча» ва бошқа қўшиқларни ҳануз халқимиз севиб тинглайди.
Шогирдлари Таваккал Қодиров ҳақида
Султонали Маннопов, Ўзбекистон халқ артисти, профессор:
— Бу воқеа ҳақида ўқиб, унинг содир бўлганига шубҳа қилишингиз мумкин. Аммо ўзим бунга гувоҳ бўлганим боис, у ҳақида сўзламай иложим йўқ.
Устоз билан бир куни Андижонда бўлган тўйнинг саҳарлик дастурхони атрофида ўтирган эдик. Устознинг шинавандалари давра қуриб, тори сас чиқаришини интиқлик билан кутишарди. Устоз қўлига торни олди, уни чертиб қўшиқ куйлай бошлади.
Эй тан, бас айла, ғамли қиш ўтса, баҳор бўлар,
Саҳро юзи бинафша билан лолазор бўлар,
Булбул чаманда нола қилур, бесабаб эмас,
Гул очилгунча қанча тиконга дучор бўлар.
Шу пайт устимизга соя ташлаб турган олма шохига булбул келиб қўнди, ҳамма жим, ҳайрат ичра унга боқиб турардик. Қўшиқнинг авж нуқтасига келганда булбул торнинг дастасига қўнди ва бир муддат хониш айлаб, пирр этиб учиб кетди. Ҳайратдан ёқа ушлаб қолган даврадошларнинг тили айланмай қолганди.
Отабек Муҳаммадзоҳид, хонанда:
— Фарғона давлат университетига қабул қилинганимда курс раҳбаримиз Таваккал Қодиров эканлигини эшитиб, роса қувонгандим. Устозимиз ҳар жабҳада ўрнак бўла оладиган, тартибли, маданиятли ва ўз даврининг илғор кишиси эди. Пахтазорларга бориб, кичик концертлар ташкил этардик. Дарслардан сўнг устознинг хоналарига кириб репетиция қилардик. Баъзида устоз машғулотларимизни зимдан кузатиб турарди. Мени ҳайратлантирган нарса шуки, у ёшдаги кишилар (айниқса, устоз санъаткорлар) синтезатор, зарбли чолғу асбобларини хушламасди. Аммо устоз бундай шовқинлардан нолиганларини эслай олмайман. Аксинча, замонавий мусиқий асбобларни тинглаб, завқланарди.
Устоз оламдан ўтгач, факултетимиз, айниқса, курсимиз талабаларининг қалби кемтик бўлиб қолганди. Бир куни жуда қизиқ воқеа содир бўлди. Факултет йўлагида бир нуроний отахоннинг у ёқдан-бу ёққа юриб беҳаловат бўлаётганини кўриб қолдим. Ёрдам бериш умидида суҳбатга тортдим.
— Кимнидир излаяпсизми, отахон?
— Менга Таваккалжоннинг шогирдлари керак эди, болам, — деди отахон.
— Айнан қай бири, набирангизни университетга ўқишга жойламоқчимисиз?
— Таваккалнинг шогирдлари кўп, қай бири бўлса ҳам фарқи йўқ. Жуда шошилинч иш билан келгандим, — деди.
— Мен ҳам устознинг курсларида таҳсил олганман!
— Ўғлим, Таваккалнинг қўли очиқ, жуда сахий инсон эди. Мен Ёзёвоннинг чекка қишлоғидан келдим. Набирам шифохонада, бор пулимни дори-дармонга сарфладим, уйга қайтишга бир сўмим ҳам қолмади. Таваккалнинг ўзидек сахий, бағрикенг издошлари бордир, менга кўмак беришар деган умидда шу даргоҳга келдим, — деди отахон минг хижолат билан.
Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди, беихтиёр қўлларимни чўнтагимга тиқиб, бор пулимни отахонга тутдим. У пулларни хижолат билан олди ва менинг ва устозимнинг ҳаққига дуо қилди. Ҳўнграб йиғлаб юбордим.
Ҳа, устозимиз отахон айтгандек борини атрофдагилар билан баҳам кўрадиган, ширинсухан ва ўта камтарин инсон эди. Унинг фазилатлари тоғдек машҳурлигининг соясида қолиб кетмасди...
Таваккал Қодиров баҳор нафаси бағрида дунёга келганди. 1996 йили айни шу фаслда замин уни ўз бағрига олди. 70 йиллик умри мобайнида у ўз номини нафақат ижод, балки қадрдон оила, шогирдлар ва энг олий фазилатлар билан безади. Унинг қабр тошига Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб мангуликка дахлдор мисралар битилди.
Мен кетарман, қолмагай тилла тахту кўшкларим,
Менга бу дунёда чин келтирди бахт қўшиқларим,
Ўзбегим уйида янграр ҳамма вақт хонишларим
Гул ўпиб, гул ёпиниб ҳар дилда мозорим қолур,
Мен кетарман бир куни, наволарим, зорим қолур...
Наргиза МУРОДОВА, санъатшунос-журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter