Ўзбекистон – БМТ Туризм Европа комиссияси раислигига номзодини илгари сурди

2025–2027 йиллар учун БМТ Туризмнинг Европа бўйича комиссияси раислигига Ўзбекистон Республикаси ўз номзодини илгари сурди. Мазкур нуфузли лавозимга Ўзбекистон тарихда илк бор ўз номзодини илгари сурмоқда. Бу ташаббус мамлакатимизнинг халқаро туризм ташкилотлари доирасидаги фаоллиги ва юксак ишончга сазовор бўлаётганининг яққол ифодасидир.
БМТ Туризм Европа комиссияси таркибига Европа, Марказий ва Ғарбий Осиёнинг 41 та давлати киради. Комиссия Европа минтақасидаги туризм сиёсатини шакллантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ва инклюзив туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Мазкур комиссиянинг 71-йиғилиши 2025 йил 4–6 июнь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу йиғилиш давомида 2025–2027 йилларда БМТ Туризм Европа комиссиясига раис сайлови ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг мазкур лавозимга номзодини илгари суриши — мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги изчил ислоҳотлари, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги амалий қадамлар, шунингдек, барқарор ва инклюзив туризмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг эътирофи сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур лавозимни эгаллаш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёни ягона туризм макони сифатида тарғиб қилиш, трансчегаравий маршрутларни ривожлантириш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, БМТ Туризм ташкилоти доирасида минтақавий мулоқотни кучайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter