Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек олимлари қаердасиз?

Ўзбек олимлари қаердасиз?

Шу пайтга қадар грипп ва шамоллаш каби вирусли касалликлар ҳаво-томчи орқали юқади деб ҳисоблардик. Коронавирус шу қадар жиддий тус олдики, бу каби касалликлар айнан қўл орқали юқиш хавфи юқори эканлиги маълум бўлди. Яъни, қўл билан кўришиш ва бемор одамнинг қўл билан ушлаган жойга юқтириш хавфи англанди, ниҳоят.

Янги кашфиётларга эҳтиёжларни мана шундай қийин вазиятлар келтириб чиқаради. Илмий ишлар, таҳлиллар, қурбонликлар натижасида инсониятга фойда келтириладиган кашфиётлар дунёга келади. Бугун бутун дунё коронавирус сабабларини аниқлаш ва даво чораларини излаяпти. Олимлар жиддий изланишда. Ва мана шундай ҳодисалар туфайли янги ихтиролар кашф қилинадики, келгусида бундай вазиятларга қарши курашиш учун бу катта имкониятдир. Масалан,  Хитойда COVID-19 касаллигини аниқлаш учун сунъий интеллект технологиясига асосланган компьютер томографиясидан фойдаланиш бошланди.

Ишланма муаллифларига кўра, компьютер алгоритмлари янги коронавирусни пневмониянинг бошқа турларидан ажратиб олишда ёрдам беради.

«Кэцзи жибао» газетаси ёзишича, тизим Хитой саратонга қарши кураш уюшмаси ҳамда Тяньцзинь шаҳридаги Миллий суперкомпьютер маркази ҳамкорлигида йўлга қўйилди. Айни пайтда тизим Тяньцзиндаги Миллий компьютер марказида синовдан ўтяпти. Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг биринчи суперкомпьютери —  «Tianhe-1» шу марказ томонидан ишлаб чиқилган.

Яна Хитойда Сунь Ятсен университети тадқиқотчилари мавсум ва ҳарорат ўзгариши коронавирус тарқалишига қандай таъсир кўрсатишини аниқлашди. Экспертларнинг хулосасига кўра, инфекция Цельсий бўйича +8,72 даражада ўзини жуда яхши «ҳис қилади». Америкалик олимлар COVID-19 коронавирус инфекциясининг ўртача инкубацион даври 5,1 кунни ташкил этишини аниқлашди.

Сингапурлик бир гуруҳ шифокорлар янги типдаги коронавирус чақирган касалликнинг янги аломатларини аниқлашган. Тадқиқот натижалари «Lancet» журналида  чоп этилишга ҳам улгурди.

Маълумотларга кўра, бир қанча беморларга дастлаб денге иситмаси ташхиси қўйилган. Улар юқори тана ҳарорати ва қичийдиган тошмадан шикоят қилишган. Лекин уларда коронавируснинг машҳур аломатлари, яъни тумов, балғамли йўтал, томоқдаги оғриқ кузатилмаган.

Денге иситмасида муолажа ёрдам бермаган. Беморлар нафас олишга қийналишдан шикоят қилгандан сўнг уларни яна коронавирусга текширишди. Таҳлил натижалари вирус борлигини кўрсатди.

Лондонда эса хавфли вирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш учун синовларда қатнашган кўнгиллиларга 3500 фунт стерлинг (4 580 АҚШ доллари) тўланади. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берганди.

Лондоннинг Уайтчепел ҳудудида жойлашган Queen Mary био-корхоналар инновацион маркази тадқиқотлар учун 24 нафар жамоатчилик аъзоларини жалб қилмоқда. Уларнинг организмига хавфли вируснинг икки кучсиз туридан юборилади ва коронавирус аломатлари «чақиртирилади». Сўнг Hvivo компанияси томонидан ишлаб чиқарилган восита синовдан ўтказилади. Унинг самарадорлигини текшириш учун беморлар икки ҳафта давомида карантинда сақланади.

Бундан ташқари, яна 35 га яқин вакцина ишлаб чиқилмоқда ва Британия ҳукумати коронавирусга қарши курашиш учун қўшимча 46 миллион фунт ажратишга ваъда бермоқда.

Биз эса ҳамма нарсани хориж кашф қилишига ўрганиб қолганмиз. Балки олимларимиз ҳам изланиб кўришар. Қайси одамларга бу касаллик осон юқади, кимларга юқмайди, кимда енгил ўтади, кимда оғир. Бизнинг мамлакатга мослашиши қай даражада, қандай маҳсулотларни истеъмол қилса бу касаллик ортга чекинади, нимани кўпроқ истеъмол қилиш керак, ундан сақланишнинг яна қандай чоралари бор, Ўзбекистонда бу касаллик қанча яшайди?.. 

Касаллик бизга етиб келмаган бўлса, буни ўрганишнинг имкони йўқ деб баҳона қидириш керак эмас. Илм-фан фидойилик, керак бўлса қурбонлик талаб қилади. Аҳли олимларимизнинг мана шу коронавирус устида изланиш олиб бораётганлар билан ҳамкорлик қилиши Ўзбекистон аҳолиси учун катта амалий ёрдам бўлиши мумкин.

Тўғри, бу касаллик инсоният бошига тушган кўргулик, лекин яна бир бор шундай кўргулик бошга тушмаслиги учун кашфиётчилар ҳаракат қилишига катта бир ИМКОНИЯТ ҳамдир. Ўзбек олимлари қаердасиз?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг