Оролни қутқариш халқаро жамғармаси: Шавкат Мирзиёев Душанбедаги чиқишида «Қўштепа» канали ҳақида тўхталди
Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 15 сентябрь куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, Тожикистоннинг 2020-2023 йилларда жамғармага раислиги якунлари сарҳисоб қилинди, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув хўжалиги ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди ҳамда жамғарма доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти «Қўштепа» канал қурилиши бўйича ҳам ўз фикрини билдирди.
— «Қўштепа» канали қурилиши бўйича ҳам ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман.
Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди.
Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз.
Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.
«Қўштепа» каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз, – дейди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида бугунги саммитда илгари сурилаётган ташаббуслар ва қабул қилинаётган ҳужжатларнинг амалга оширилиши жамғарма доирасида халқларимиз фаровонлиги ва бутун Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Йиғилишда Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон раҳбарлари ва Қирғизистон Ҳукумати аъзоси ҳам сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тадбир якунида жамғарма таъсисчи давлатлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг Душанбе баёноти;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Тожикистон Республикасининг ОҚХЖдаги раислиги якунлари тўғрисида қарори;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2024-2026 йилларга ОҚХЖ президенти этиб сайлангани тўғрисидаги қарори;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг ОҚХЖ ташкилий тузилмаси ва шартнома-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича фаолият тўғрисидаги қарори.
2024-2026 йилларда ОҚХЖга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter