Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўрисларнинг куёви Саидмурод

Ўрисларнинг куёви Саидмурод

– Отинг каттароқ экан, шунинг учун 25 эмас, 30 танга тўлайсан, – деди божмон савдогар йигитга.

– Нега ахир, аввалги гал худди шундай, фақат ориқроқ отга 25 танга олган эдинг-ку? – норози бўлди йигитча.

– Мен қонунга кўра иш тутаман: бож миқдори 1 январдан ошди, – деб жавоб берди божмон ва айтилган пулни олди.

Ноилож қолган савдогар ичида «халқнинг айтганича бор экан, сен жуда қаттиққўл бўлибсан «ўрис куёв» деб қўйди.

Хива хонлигида савдогарлар чегарадан ўтганда ёки бозорга мол келтирганда молининг қийматига қараб бож тўлаган. Қўй учун 1 танга, сигир учун 8 танга, туя учун эса 10–18 танга, отнинг зотига қараб эса 6 дан 30 тангагача бож тўлаш мажбурий эди. Бундан ташқари, Амударёнинг ўнг қирғоғида тўқайзор ўрмонлар бўлиб, ҳар йили бир марта иморатга ишлатиш, ҳунармандчиликда фойдаланиш учун дарахт кесишга рухсат этилган. Хонлик бойлиги ҳисобланган тўқайзор ўрмондан ҳар бир арава дарахт кесганлик учун бир танга бож тўланган. Халқ бож олувчиларни «божмон» деб атарди.

Божмонлар хонликка карвонлар орқали Афғонистон, Эрон, Англия ва Россиядан олиб келинадиган моллардан бож олишар, айни пайтда 1881 йилдан Кавказорти давлатларига мол ёғи, сариёғ, Туркияга гилам, Германия ва АҚШга жарроҳлик амаллари учун зарур қўй ичаги олиб кетаётган маҳаллий савдогарларга оқ йўл тилаб қолишарди.

Бироқ 1873 йилдан Хива хонлиги Чор Россияси мустамлакаси бўлгани боис, рус савдогарлари бождан озод этилган, аммо шунга қарамай, турли йўллар билан бошқа давлатларнинг Хоразмдаги савдосини чеклаш ҳаракатида эдилар.

Хусусан, Хива хонлигининг Англия, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан бўлаётган қизғин савдо муносабатларини чеклаш мақсадида 1894 йил 14 апрель куни Петербург шаҳрида Россия империяси молия министрлиги қошида кенгаш чақирилади. Мазкур кенгаш қарорига биноан Хива хонлиги ягона Россия божхона тизимига киритилади. Шунга кўра, 1895 йил 1 январдан бошлаб, хориж ва ҳатто, Хоразм савдогарлари фақат рус бож йўли орқали юриб, товар эгалари божхона назоратчиларига бож пули тўлаб ўтадиган бўлдилар. Бож йўлидан бошқа айланма йўлдан ўтган савдогарлар контрабандачилар деб эълон қилинди ва тутилган тақдирда мол-мулки мусодара қилинадиган бўлди.

1895 йилдан Эрон ва Афғонистон билан чегараларни Россия ташқи ишлар министрлиги томонидан тасдиқланган ҳарбий қўриқчилар қўриқлай бошлади. Шу тарзда Россия бож йўлларини мустаҳкамлаб, чет эл товарларининг Хива хонлигига киришини чеклади ва Хоразм бозорларини ўз таъсирига олди. Ўша вақтда савдогарлар кўп кириб келадиган энг асосий йўллардан бири бўлган Амударёнинг Полвон канали билан туташган жойида янги пристан-божхона очилади.

Маҳаллий кишилардан божхона бошлиғини тайинлаш борасида Хоразм савдогарларига ён босиш, дея ишончсизлик билан қаралди. Аммо шу ердаги ёки тўппа-тўғри Петербургдан божхона бошлиғи курсисига бир русни олиб келишга мустамлакачилар ботинолмадилар. Бироқ бунинг ҳам йўли топилди. Асли шўрахонлик, ҳозирги тўрткўллик бўлган Саидмуродни божхона бошлиғи қилиб тайинлашди. Зеро, у Галина Ивановна деган рус аёлига уйланганди. Шу тахлит халқ ўртасида «Ўрисларнинг божмон куёви» деб танилган Саидмурод божмон, хотини рус бўлгани боис, 1895 йилдан яхшигина мансабни эгаллаган.

У Россия империяси божхона қонунларига кўра, кескин белгиланган нархда бож олар, бу эса кўпчиликнинг назарида қаттиққўллик бўлиб туюларди. Аммо Саидмурод ўзбекчилик қилиб, фақирроқ кишиларга ён босар, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзарди.

Саидмурод божмон кўп йиллар шу масканда ишлаб, ўлканинг энг нуфузли кишиларидан бирига айланди. У хотини Галина Ивановна билан Мария, Абдулла, Муҳаммад, Назарбой, Мадраҳим исмли фарзандларини ҳам элда обрў-эътиборли қилиб тарбиялади.

Айни пайтда ўрис хотинининг маслаҳатига қулоқ тутиб, топган пулларини хоразмча айтганда аржа – сандиқда эмас, кўпайтириш учун сарфлади. Петро-Александровск, Шоббоз ва Ҳазорасп кўн ва пахта тозалаш заводларига асос солди.

1917–1920 йиллардаги долғали давр бошланди. Саидмурод божмондан эса саноатга асос солган заводчи бой ва «ўрисларнинг куёви», «божмон куёв» деган ном қолди.

Саидмурод божмон 1920 йилларнинг ўрталарида Ҳазораспда вафот этди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг