Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (ПИИМА) ҳамда Action Group (Edu-Action) ННТ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Агентлик Ахборот хизмати хабар берди.
Ҳамкорлик доирасида таълим, ахборот технологиялари, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда тизимли ишлар ҳамда истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Жумладан, томонлар ўқитувчилар малакасини ошириш, халқаро имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказишда ҳамкорлик қиладилар.
Меморандум доирасида икки ташкилот Агентлик қошидаги мактабларда IELTS ва CAMBRIDGE ENGLISH ASSESMENT халқаро имтиҳонларини ташкил қилиш, йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар ва мутахассисларни тайёрлаш учун чоралар кўрадилар.
Бундан ташқари, Edu-Action Агентлик мактабларини Cambridge ва Oxford Университетларининг нашрлари, McMillan ва Collins ташкилотларининг ўқув материаллари билан таъминлашда кўмаклашади.
Томонлар халқаро мутахассислар ва Edu-Action ходимлари иштирокида Агентлик қошидаги мактаблар ўқувчилари ва ўқитувчилари учун турли таълим семинарлари, маҳорат дарслари, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказишади ҳамда бошқа лойиҳаларни амалга оширишади.
Edu-Action ташкилоти ПИИМА тизимига кирувчи мактаб ўқитувчилари учун Cambridge English Qualifications (CELTA, TKT ва TKT CLIL) халқаро сертификатларига эга бўлишлари учун ўқув курсларини ташкил этишда кўмак беради.
Ҳамкорлик доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги мактаблар ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларининг чет тиллари бўйича билим ва малакаларини ошириш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter