Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Онлайн никоҳдан ўтиш қандай амалга оширилади?

Онлайн никоҳдан ўтиш қандай амалга оширилади?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Яқинда фарзандлик бўлдим. Суюнчи пулини қандай олсам бўлади?

— Суюнчи пулини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (my.gov.uz) рўйхатдан ўтишингиз ҳамда тегишли хизмат турини танлаб электрон ариза юбориш ёки карантин тадбирлари тугагач тегишли туман пенсия бўлимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

— Давлат хизматларини онлайн олиш учун электрон рақамли имзо керак экан, уни қандай олиш мумкин?
— Карантин тугагунга қадар, истисно тариқасида, электрон рақамли имзо калити ва сертификатини масофадан туриб бериш имконияти яратилди. Электрон рақамли имзони https://e-imzo.uz/ орқали ҳам олиш мумкин. Бу юридик ва жисмоний шахслар томонидан электрон сўровномани тўлдириш орқали амалга оширилади.

— Солиқ тўламаслик учун тадбиркорлик фаолиятимни вақтинча тўхтамоқчиман. Буни қандай амалга ошириш мумкин?
— Бунинг учун фаолиятингизни вақтинча тўхтатишингиз шарт эмас. Карантин даврида солиқ ҳисобланмаслиги учун Сиз фаолиятингизни вақтинча тўхтатмай туриб soliq.uz сайти орқали давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилсангиз кифоя.

— Лицензиям муддати 1 май куни тугайди – нима қилиш керак?
— Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра карантин даврида муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсатномалар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар автотранспорт воситалари ҳужжатлари амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.

— ЭРИни Давлат хизматлари марказига бормасдан туриб янгиласам бўладими?
— Бўлади. Бунинг учун e-imzo.uz сайтига кириб, тегишли ариза юбориш лозим.

— Онлайн никоҳдан ўтиш қандай амалга оширилади?
—Никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁга электрон аризани my.gov.uz портали орқали юбориш имкони яратилган. Бунинг учун иккала томон (келин ва куёв) ҳам электрон рақамли имзо олиши шарт. Ариза тўлдирилганидан сўнг иккала томон ҳам аризасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Сўнг ариза белгиланган ФҲДЁ бўлимига келиб тушади. ФҲДЁ бўлими аризани 1 иш кунида қабул қилиб олади. Карантин тадбирлари ниҳоясига етганидан сўнг, никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимига чақиртирилади ва уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма топширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг