Онкологлар мени «ўлдирди», нафақадаги фельдшер эса ҳаётга қайтарди
Бугун таҳририятимизга келиб тушган ҳам норозилик, ҳам шукроналик руҳидаги қуйидаги мактубни ўз ишига ва инсон ҳаётига масъулиятсиз қаровчи айрим шифокорларга бир огоҳлантириш, қандайдир оғир дардга чалиниб, мўъжиза туфайли тузалиб кетиш илинжида ётган хасталарга умид шамчироғи сифатида ҳавола этишни жоиз топдик.
ХАЛОСКОРИМ
Мен Сафарова Шарбат 1962 йилда туғилганман. Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани Бағри кенг маҳалласида яшайман. Аллоҳим менга дард берди: чап жағим шишиб кетиб, томоғимдан умуман овқат ўтмай қолди, фақат зўрға сув ичаман. Кейин акам билан эрим мени Термиздаги онкология диспансерига олиб бориб, ётқизишди (12.07.2013 йил), улар менга саратон ташхисини қўйиб, даволашга киришди, ҳамма усулларни қўллаб кўришди: химия ҳам олдим, лекин без борган сари катталашаверди. Шундан сўнг диспансер ходимлари менга Тошкентдаги Республика онкология илмий марказига йўлланма беришди. Бир аҳволда зўрға марказгача етиб олдим, бироқ улар мени қабул қилишмади. Натижада турмуш ўртоғим мени қайтариб олиб кетишга мажбур бўлди. Хуллас, оворайи сарсонгарчилик…
Уйга бир аҳволда етиб келдим, юролмайман, оғриқнинг кучлилигидан ўзимни қўярга жой тополмайман. Яқинларимдан дўхтир чақиришларини илтимос қиламан. Охири, улар дўхтир чақиришди, аммо у ҳам укол қилмади. Бир сутка бақириб чиқдим. 90 ёшли онаизорим ёнимда, менинг аҳволимни кўриб қон қақшаб, титрайди. «Навбат меники-ку, сендан олдин мен ўлай», деб Худога ёлворади.
Аллоҳнинг мўъжизасини қаранг, эртасига 70 ёшли нафақадаги фельдшер Олтиев бобо (мактуб қўлёзма шаклида бўлгани учун отахоннинг исми ёки фамилияси хато кетган бўлса, узр сўраймиз) мен ҳақимда эшитиб, кўргани келибди. Қийналаётганимни кўриб, онамдан укол қилайми, деб сўрабди. Онам эса, илтимос, ёрдам қилинг, деб ялинибди.
Бобо аввал иссиғимни, қон босимимни ўлчаб, кейин муолажани бошлади. Уч соат ёнимдан жилмай ўтирибди, бу вақтда мен ухлаб қолибман. Тинчиганимни кўрган қизларим-ўғилларим йиғлаб, тепамга йиғилиб келишибди. Шунда Олтиев бобо «Онанг ўлмайди, у ухлаяпти», деб уларни тинчлантирибди. Кейин келинимни, икки қизимни чақириб, «Онангга тарвуз сувидан 5 литр ичирасизлар, мен эртага обедда келаман», деб тайинлаб ташқарига чиқибди.
Уни дарров менинг ва эримнинг оға-инилари ўраб олишибди. Олтиев бобо: «Шарбат ўлмайди, у яшайди», дебди баралла. Кейин у уйига кетибди.
Менинг 4 нафар қайноғам бор. Шунда улардан бири Олтиев бобони сўраб-суриштириб, у неча йил ўқиган деб сўрабди. Унга жавобан бири: «У фельдшер бўлса, 2 йил ўқиган-да», деб жавоб берса, савол бергани: «Унда врачлар неча йил ўқийди, демак, улар бизни 7 йил ўқидик деб алдашаркан-да», дебди.
Эртаси куни тушлик пайтида Олтиев бобо яна келиб, эримнинг оғаларини кетинглар деб уришибди. Кейин қизларимдан «Онангга неча литр тарвуз суви ичирдинглар?» деб сўрабди. Улар 3 литр дейишса, бу оз деб койибди.
Олтиев бобо ўз муолажасини бошлагач 3 кунда оёққа турдим. Кейин у мени туман касалхонасига олиб бориб, ярим литр қон қуйдирди. Икки кундан сўнг яна ярим литр... Хуллас, 10 кун даволади. Шундан сўнг текширтирсак, без йўқ бўлиб кетибди.
Яратганга шукр, 7 йилдан бери яшаяпман, кенжа ўғлимни уйлантирдим. Акам Термизга бориб, мени даволаган врачга барини айтибди. У ҳайрон қолиб, бўлиши мумкин эмас, деб ишонқирамабди.
Бор ҳақиқат шу…
Мен Олтиев бобога таъзим қиламан, у кишидан умрбод миннатдорман. Агар ҳақиқат бор бўлса, у инсонга «Халоскор унвони» беришларингизни илтимос қиламан деб, Шарбат Сафарова.
Сизларни ишонмайди деб шифокорлар қўйган ташхис ва хулосалар қоғози ҳамда маълумотнома нусхаларини юборяпман.
* * *
Касбимиз тақозосидан асосан тани хаста, дили хаста инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Улар орасида масъулиятсиз, билимсиз, тажрибаси йўқ ёки қўпол муомалали, чўнтагига «пул солсанггина» қарайдиган шифокорлардан, яна эшигига яқинлашиб бўлмайдиган, «пул тутсанггина», қабул қиладиган шифохона ва клиникалардан шикоят қиладиганлар жуда кўп. Бироқ бу шикоятларни эшитадиганлар жуда камлиги ёмон-да…
Шоҳида Исроилова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter