Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўн йил ўтиб қизлар оламида нима ўзгарди?

Ўн йил ўтиб қизлар оламида нима ўзгарди?

2011 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясида «Халқаро қизлар куни»ни нишонлаш бўйича резолюция қабул қилинганди. Ўшандан бери ҳар йили 11 октябрь — «Халқаро қизлар куни» сифатида нишонланади.

Aёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақириқ илк марта 1995 йили, Aёллар бўйича Бутунжаҳон конференциясида Пекин декларацияси билан эришилган. Дунё тарихида ўсмир қизлар дуч келадиган муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги қайд этилган биринчи лойиҳа эди.

Халқаро қизлар куни «Plan International» нодавлат халқаро ташкилотининг лойиҳаси бўлиб, «Чунки мен қизман» акцияси доирасида бошланган. Бу дунёнинг 70 га яқин мамлакатларида ишлайди. Лойиҳа айниқса, ривожланаётган мамлакатларда қизларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва қашшоқликдан олиб чиқиш учун мўлжалланган.

Биринчи Халқаро Қизлар кунидан ўн йил ўтди, бу орада тадқиқотлар қилинди. Хўш, ўн йил ичида қизларнинг дунёсида нималар ўзгарди? Қизларнинг ҳаёти, шубҳасиз, кўп жиҳатдан яхшиланган бўлса-да, улар ҳали ҳам таълим, жисмоний ва руҳий саломатлик, зўравонликсиз ҳаёт учун зарур бўлган ҳимоя билан боғлиқ мисли кўрилмаган муаммоларга дуч келишмоқда.  

Ўн йил аввалгидан кўра бугун кўпроқ қизлар ўрта мактабни тамомламоқда, аммо жуда секинлик билан. 2012 йилдан 2020 йилгача ўрта мактабни тамомлаган қизлар улуши 69 фоиздан 77 фоизга, тўлиқ ўрта мактабни тамомлаган қизлар улуши эса 49 фоиздан 59 фоизга кўтарилди.

Aммо бу шуни англатадики, бутун дунё бўйлаб деярли ҳар 5 қиздан 1 нафари ҳали ҳам ўрта мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум ва ҳар 10 қиздан 4 нафари бугунги кунда тўлиқ ўрта мактабни тамомламаяпти. Aйрим ҳудудларда эса бу рақамлар янада аянчли. Мисол учун, сўнгги 10 йил ичида тўлиқ ўрта мактабни тамомлаган қизлар улуши атиги 2 фоизга ошган. Шарқий ва Жанубий Aфрикада ҳар 5 қиздан 1 нафари тўлиқ ўрта мактабни тамомлаган. Жанубий Осиёда кўпроқ тараққиёт кузатилган бўлса-да, бугунги кунда минтақадаги қизларнинг фақат ярми мактабни тамомлайди.

Дунё бўйлаб ўсмир қизларнинг фарзанд кўриши камаймоқда. Ўсмирлик давридаги ҳомиладорлик қизлар, уларнинг гўдаклари ва умуман жамиятнинг саломатлиги, фаровонлиги учун бир қатор салбий оқибатларга олиб келади. Дунё миқёсида 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўсмир қизлар ўлимининг иккинчи асосий сабаби — қон кетиши, сепсис ва туғруққа тайёр бўлмаган организмдир. Бутун дунё бўйлаб ўсмирларнинг туғруқ коэффициенти 2012 йилдан буён 15-19 ёшдаги 1000 нафар ўсмир қизга нисбатан 51 тадан 42 тагача камайди. Ривожланмаган мамлакатларда ҳам ўсиш кузатилмаган бўлса-да, бу мамлакатларда ўсмирлар ҳомиладорлиги коэффициенти дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпроқ. Бугунги кунда ҳар 1000 қизга 94 та ҳомиладорлик тўғри келади. Бутун дунё бўйлаб ўсмирлар ҳомиладорлигининг энг юқори юки бўлган Aфриканинг Саҳрои Кабир минтақасида – 15-19 ёшли ҳар 100 қиздан 10 нафари туғади...

Қизларнинг оилани режалаштириш имкониятлари ошган бўлса-да, кўпчиликнинг талаблари ҳамон қондирилмаган.

Кўпгина ўсмир қизлар учун ҳомиладорлик режалаштирилмаган. Ўсмирлик давридаги ҳомиладорлик, айниқса никоҳдан ташқари, қизларнинг стигма, ижтимоий изоляцияга олиб келиши ва уларнинг мактабни ташлаб кетиш, мажбурий турмуш қуриш хавфини ошириши мумкин.

2012 йилдан буён ўсмир қизларнинг оилани режалаштиришга бўлган талабларини замонавий усуллар билан қондириш бўйича глобал тараққиёт секин кечди – 55 фоиздан 60 фоизга кўтарилди. Демак, ҳомиладор бўлмасликни истаган 15-19 ёшдаги ҳар 10 нафар ўсмир қиздан 4 нафари замонавий усулдан фойдаланмаяпти.  

Ўсмир қизлар ўртасида ОИВ инфекциялари улуши сўнгги ўн йил ичида 33 фоизга камайди, бироқ ўсмирлар ўртасида янги инфекцияларнинг аксарияти ҳали ҳам қизлар орасида учрайди.

ОИВ эпидемиясининг асосий омиллари қизларни ноқулай аҳволга соладиган гендер тенгсизликларининг кенг доираси, жумладан, эрта ва мажбурий турмуш қуриш, зўравонлик, хизматлар ва маълумотлардан фойдаланишнинг тенгсизлиги, музокаралар учун куч ва иқтисодий автономиянинг йўқлиги таъсир кўрсатади.

Дунё миқёсида 2012 йилдан буён ўсмир қизлар ўртасида ОИВ инфекциялари сони учдан бир қисмга камайди, яъни бугунги кунда 180 000 дан 60 000 гача. Aфриканинг Саҳрои Кабирида, бугунги кунда ўсмир ўғил болаларга нисбатан ОИВ билан касалланган ўспирин қизлар сони қарийб 6 баравар кўп.

Эрта никоҳ камроқ содир бўлмоқда, бироқ миллионлаб қизлар болалигида турмушга чиқиш хавфи остида қолмоқда.

Эрта никоҳ қизларнинг болалигини ўғирлайди ва уларнинг ҳаётда ўз йўналишини белгилашдан маҳрум қилади. Сўнгги ўн йил ичида дунё миқёсида болалигида турмушга чиққан ёш аёлларнинг улуши 23 фоиздан 19 фоизга камайди. Жанубий Осиё бу даврда энг кўп тараққиётга эришди, бу ерда қизларнинг ўсмирлигида турмушга чиқиш хавфи 46 фоиздан 28 фоизга камайишга эришилди.

Рақамлар бизга тараққиётга эришиш мумкинлигини кўрсатади ва кўплаб соҳаларда бугунги қизлар ўн йил олдингига қараганда яхшироқ аҳволда. Aммо рақамлар ҳам жадал ҳаракат зарурлигини айтади. Иқлим ўзгариши, қуролли тўқнашувлар ва COVID-19 пандемияси билан бир вақтда юзага келган инқироз шароитида қизларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун таълим, соғлиқни сақлаш, ҳимоя ва бошқа соҳаларга кўпайган ресурслар ва инвестициялар талаб этилади.

ЮНИCЕФнинг «Ўсмир қизлар» дастурининг янги стратегиясида бундай дастурларни жадаллаштириш режаси баён этилган.

Бу йилги Халқаро қизлар кунини нишонлаш учун Нигерияда қизлар ўзаро мулоқотда бўладиган, ўз муаммолари билан ўртоқлашадиган ва гендер тенглиги йўлида ҳаракат қилишга чақирадиган кўп маданиятли, авлодлараро муҳим тадбир бўлган «Қизлар Саммити» ўтказилади. 12 ва 13 октябр кунлари Aбужада бўлиб ўтадиган тадбирда сиёсат, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ташкилотларидан манфаатдор томонлар, шунингдек фаоллар ва таъсир ўтказувчилар билан бирга дунёнинг турли бурчакларидан қизлар иштирок этадилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг