Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қизларни пуллаш учун Дубайга жўнатаётган аёл 5 йилга қамалди

Қизларни пуллаш учун Дубайга жўнатаётган аёл 5 йилга қамалди

Бухоро вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судьяси Нозимжон Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, қизларни пуллаш учун учун Дубайга жўнатаётган аёлга нисбатан суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Билдирилишича, маҳкума Мафтуна Аминова (исми шарифи ўзгартирилган) Тошкент шаҳрида 1992 йилда туғилган. Бир нафар фарзанди билан турмушидан ажралган аёл енгил-елпи турмуш тарзига берилган бўлган. У илгари ҳам Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш (131-модда) ҳамда Одам савдоси (135-модда)нинг турли бандлари билан жазоланган.   2013 йилда Тошкент вилояти, Яккасарой туман суди ҳукмига кўра, 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини олган бўлса, 2014 йилда Шайхонтоҳур туман суди ҳукмига асосан, 3 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган. Орадан вақт ўтиб, Пастдарғом туман суди ажримига кўра, ўталмай қолган 2 йил 3 ой 4 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Ўз хатти-ҳаракатларидан хулоса чиқармаган, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлашдан қайтмаган Мафтунанинг озодлиги 2016 йилда Дўстлик туман суди ҳукмига кўра, яна 2 йилу 6 ой муддатга чекланган. Озодликдан чеклаш жазосини ўзига нисбатан жазо сифатида қабул қилмаган Мафтуна номуносиб турмуш тарзида давом этаверган. 2017 ҳамда 2018 йилларда ҳам шу жиноят билан қайта-қайта жазоланган.

«Бухоро вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича суди бу гал унинг хатти-ҳаракатларига чек қўйди. Ўз қилмишларига яраша жазо олишда йиллар давомида унинг аёллиги, вояга етмаган фарзанди борлиги инобатга олинган.  Қатор суд органлари томонидан озодликни чеклаш жазосини олган аёлнинг адолатли ҳукмларга нисбатан беписанд қарагани бу гал уни темир панжара ортига равона қилди. Турли ёшдаги аёлларни сотиш, улардан эркакларнинг шаҳвоний мақсадларда фойдаланиши учун Дубай шаҳрига фоҳишалик учун жўнатаётгани фош этилди», – дейди Нозимжон Жўраев.

Ҳолатга кўра, Мафтуна Аминова Бухоро шаҳрилик аёл Дурдона Мажидовани Дубай шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиш учун боришини,  сўнг Таиланд давлатидан қайтиб келишини айтган. Дубай шаҳрига кетиш йўл харажатларини ўз ҳисобидан тўлашини, кейинчалик ушбу харажатларни фоҳишалик билан шуғулланиб, қайтариши талаб қилган. «Мижози»нинг фуқаролик паспортини олиб, «қарз»ларини қайтарганидан кейин беришини билдирган.  Айни  Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубай шаҳрига самолётнинг учиши олдидан Мафтуна Аминованинг кирдикорлари фош этилган. Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ва ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган Дурдона Мажидова шу самолёт орқали бошқа аёллар ҳам шаҳвоний мақсадларда учиб кетаётганини «гуллаб» қўйган.

Жиноят изидан жиноят қилишдан тўхтамаган Мафтуна Аминова яна икки нафар аёлни ҳам Дубай шаҳрига ўз ҳисобидан жўнатиб, улар ортидан пул ишлашдек мақсади чипакка чиқаётганидан саросимага тушиб қолган. Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ва ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган кейинги икки нафар аёлни аввалига «танимайман, буларни биринчи марта кўриб турибман» деган Мафтуна орадан кўп ўтмай, воқеа жойидаёқ айибига иқрор бўлишга мажбур бўлган.

Суд томонидан судланувчи аёлнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республика Жиноят Кодекси 135-моддасининг турли бандлари билан тўғри квалификация қилинган.

Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, аёллиги, оилавий шароити, узру-надоматлари ўзига тегишли жазони енгиллаштиришга асос бўлмаган.

Суд ҳукми билан 5 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланган Мафтуна Аминовага нисбатан жазони умумий тартибли колонияларда ўташи қўлланилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг