«Ўмон нигоҳи–2040». Стратегик дастур мамлакат тараққиётида туб бурилиш ясаши кутилмоқда
Арабистон яриморолининг жануби-шарқида жойлашган Ўмон султонлиги Ўзбекистоннинг ишончли шерикларидан бири саналади. Султонлик юртимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган, 1992 йил 22 апрель куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.
18 ноябрь – Ўмон султонлиги миллий байрами арафасида мамлакатда амалга татбиқ этилаётган стратегик дастур ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Ўтган йили Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ аъло ҳазратлари томонидан «Ўмон нигоҳи–2040» концепцияси тасдиқланди. Мазкур дастур 2021-2040 йилларда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар жабҳаларда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Жамиятнинг турли қатлам вакиллари фикр-мулоҳазалари акс этган ҳужжатни умуммиллий тараққиёт дастури деб аташ мумкин. Дастурдан кўзланган асосий мақсад Ўмонни дунёнинг энг ривожланган мамлакатларига бирига айлантиришдан иборатдир.
Аксар кўрфаз давлатлари каби Ўмон анъанавий равишда нефть-газ савдоси, балиқчилик ва қишлоқ хўжалигидан даромад қилиб келган. Кейинги йилларда нафақат энергетика, балки иқтисодиётнинг бошқа йўналишларини ҳам ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. «Ўмон нигоҳи–2040» концепциясида ҳам иқтисодиётни диверсификациялаш, жумладан, илмий ихтиролар ва инновацияларга асосланган йўналишларни ривожлантириш асосий вазифа ўлароқ белгиланган.
Таҳлилчиларга кўра, туризм, логистика, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш ҳамда илғор технологиялар соҳаси Ўмонни янги тараққиёт йўлига олиб чиқувчи соҳалари бўлиши кутилмоқда.
Жаҳон энергетика бозоридаги сўнгги долғалар султонлик иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу боис айни пайтда султонликда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, илғор йўналишларга сармоя жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
«Ўмон нигоҳи–2040» концепцияси иқтисодиётни инновациялар ҳамда тенг имкониятларга асосланган ҳолда ислоҳ этишни кўзда тутади. Молиявий-иқтисодий ислоҳотлар орқали хусусий секторнинг улушини ошириш, хориж сармоясини кўпайтириш, пировардида эса ЯИМнинг барқарор ўсишига эришиш мақсад қилинган. «Ўмон нигоҳи–2040» концепцияси «Инсонлар ва жамият», «Иқтисодиёт ва тараққиёт», «Бошқарув ва институционал самарадорлик» каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Бунга мувофиқ, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий ҳимоя, иқтисодий пешқадамлик, экологик хавфсизлик, қонунчилик тизими, халқаро ҳамкорлик каби устувор йўналишлар белгиланган.
«Ўмон нигоҳи–2040» дастури султонлик тарихида бурилиш ясайди. Султон Ҳайсам бин Ториқ аъло ҳазратлари ҳокимиятга келгач, иқтисодиёт ва бошқарувда туб ўзгаришларни амалга оширишга киришди. Вазирлар маҳкамасидаги жиддий ўзгаришлардан ташқари ҳукуматнинг маъмурий тизимда ҳам ўзгаришларга қўл урилди», – дейди иқтисодий таҳлилчи Давис Каллукаран.
Сармояларни кўпайтириш бўйича ҳам жиддий қадамлар қўйилди, жумладан, 65 та йирик давлат ширкатларини бирлаштирган сармоя бошқармаси таъсис этилди. Мутахассисга кўра, қўшимча қиймат солиғининг жорий этилиши яқин йилларда бюджет тақчиллигини буткул тугатиш имконини беради.
Султонлик нуфузини янада ошириш, хориж сармоясини кенгроқ жалб этиш мақсадида инвесторларга имтиёзлар беришни кўзда тутувчи қоидалар жорий этилди. Айни пайтда йирик сармоядорлар Сохар, Салала каби порт шаҳарлар ва бир қатор иқтисодий ҳудудларга қизиқиш билдирмоқда.
Нуфузли илмий марказ – Атлантика кенгашининг (Atlantic Сouncil) катта илмий ходими, тажрибали дипломат Марк Сиверс (у 2016-2019 йилларда АҚШнинг Ўмондаги элчиси фаолият юритган) султонлик хусусий сектор ва тадбиркорларга катта имкониятлар яратиб бераётганини ёзади.
Қайд этилишича, Султон Ҳайсам бин Ториқ миллатга қилган мурожаатида давлат бошқарув тизимини ислоҳ этиш, ишончли, самарадор, ҳалол ва одил бошқарувни таъминлаш ҳақида гапирган ва шу тариқа бошқарув идоралари фаолияти янги талаб-тамойилларга кўра қайта кўриб чиқилган.
«Султон Ҳайсам мамлакат юзма-юз келган иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун ишончли қадамлар ташлагани диққатга сазовордир», – дейди олим ва дипломат Марк Сиверс.
Иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларидан бири сифатида туризмга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижлик сайёҳларга бепул виза таклиф этилмоқда. 2019 йили мамлакат ЯИМда туризм ҳиссаси 2,5 фоизни ташкил этган. Расмий Масқат 2030 йилда мазкур кўрсаткични 6 фоизга етказмоқчи.
Қолаверса, «Ўмон нигоҳи–2040» концепциясида «ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат» масаласи сифатида таълим ва илм-фан равнақига ҳам катта аҳамият қаратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида ҳамкорлик бўйича 19 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланган. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида доимий равишда маслаҳатлашувларнинг ўтказилаётгани долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш ва якдил ҳаракатларни амалга ошириш имконини бермоқда.
C.Cалим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter