Элчи Ўмон султонлигининг бош мақсадини очиқлади
Ўмон султонлиги 2050 йилга бориб тўлиқ углерод нейтраллигига эришмоқчи. Бу ҳақда султонликнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирий 21 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда гапирди. Ўмон миллий байрамининг 52 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Дипломатга кўра, ўтган ярим аср давомида Ўмон уруш ва ихтилофларни тугатиш, минтақа ва дунёда тинчлик-барқарорлик муҳитини тиклаш йўлида қўлидан келган барча чора-тадбирларни кўриб келмоқда.
«Ўмон cултонлигининг дунё давлатлари томонидан чизилган руҳий қиёфаси моҳиятан “тинчлик” ғояси билан йўғрилган. Ўмон ҳақида гапирадиган ҳар бир киши, хоҳ у юқори мартабали сиёсатчи бўлсин, хоҳ мутафаккир, зиёли, журналист, ҳатто оддий одам бўлсин, мамлакат руҳий қиёфасини кўз олдига келтиради. Бу – пуллик оммавий ахборот воситаларининг тез орада йўқ бўлиб кетадиган «рекламаси» натижаси эмас, балки мавқифлар, сиёсий ҳаракатлар ва тарихий саҳифаларда яратилган ҳақиқий сиймодир», – дейди Аҳмад бин Саид ал-Касирий.
Таъкидланишича, тинчликка интилиш ҳозирги глобал инқироз даврида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Икки ҳафта аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бутун дунё Ўмоннинг бағрикенглик, тотув ҳаёт ва тинчликни ёйишдаги ролини эътироф этиши ва бу муболаға эмаслигини таъкидлади. Бу – Ўмон cултонлигининг халқлар ўртасида тинчлик ва тотувлик мақсадларига хизмат қиладиган бағрикенглик ва ўзаро келишув ҳақиқатига асосланган, баландпарвоз таърифлардан холи, холис халқаро эътирофдир», – дейди дипломат.
Элчининг таъкидлашича, мамлакат султон Ҳайсам бин Ториқ жаноби олийлари раҳбарлигида «Ўмон нигоҳи–2040» дастури асосида иқтисодий рақобатбардошлик ва ижтимоий фаровонликни ошириш, мукаммал таълим тизимига таянган маърифатли жамият барпо этишга интилмоқда.
Шунингдек, тараққиёт стратегиясида углерод нейтраллигига эришиш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш талаблари ўртасида мувозанатга эришиш ҳам кўзда тутилган.
Элчи Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, Масқат Тошкент таклиф этаётган дўстона ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
«Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари томонидан олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги оқилона сиёсатга чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз. Ўмон cултонлиги икки дўст мамлакат халқи тараққиёт ва юксалишга эришиши учун Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлайди», – деди у.
Аҳмад бин Саид ал-Касирий икки давлат ўртасида иқтисодий, маданий-гуманитар жабҳалардаги робиталар мустаҳкамланаётганини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, 2010 йилда ташкил этилган «UzOman Capital» инвестиция ширкати активлари 230 миллион АҚШ долларидан ошгани, молиявий тузилма Ўзбекистондаги 19 та компанияга сармоя киритгани маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter