Омбудсман Акмал Саидовга эътироз билдирди ва... ўз муаммоларини ҳам эслатди
Андижон шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримовга етказилган тан жароҳати натижасида у вафот этган эди. Айни пайтда марҳум А.Абдукаримовга нисбатан содир этилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари шахсан Бош прокурор назоратида турибди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) матбуот хизмати хабар беришича, ушбу салбий ҳолат вужудга келишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Омбудсманнинг Минтақавий вакили, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўйича вакиллари иштирокидаги эксперт гуруҳи таркибида Андижон вилоятида жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мониторинг ўтказилган.
Мониторинг давомида Андижон вилоятида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхона, Андижон вилояти ИИБ маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона ва Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш Маркази, шунингдек, Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси, Балиқчи ва Қўрғонтепа туманлари ички ишлар бўлимларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасининг 4- ва 6-сон ички ишлар бўлимларида эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган ёки вақтинча ушлаб турилган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда уларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини-олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ўрганилган.
Шунингдек, мониторинг жараёнида эксперт гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов яшаб келган хонадонга ташриф буюрди ва унинг яқин қариндошларига ҳамдардлик билдиришди. Ташриф жараёнида омбудсман ходимларига марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
«Бу ҳақда биз батафсил маълумот бермоқчи эдик. Аммо, бугун, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик А.Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирди.
Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдарлик билдирилди (www.ombudsman.uz). Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан Gazeta.uz ҳамда Uzreport ва Ўзбекистон 24 журналистларига интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин). Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерлардан миннатдор бўлишимиз керак. Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамон жамоатчилик асосида (маош олмайди) фаолият олиб боришади ва улар ўз иш хоналарига эга эмас. Бу ҳақда Вакил бир неча йиллардан буён парламент палаталарига мурожаат қилиб келади. Бундан ташқари Вакил котибияти ўз биносига эга эмас, балки Метрополитен биносида ижарада фаолият олиб боради (фурсатдан фойдаланиб метрополитен раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз).
Бу муҳим эмас! Муҳими Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам!
Энг муҳим хулоса, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги лозим. Инсон ҳуқуқлари учун ҳаммамиз масъулмиз!» – дейилади Омбудсман хабарида.
Гап шундаки, бугун Халқаро пресс-клуб сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов «Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг». Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари», деган ҳамда омбудсманнинг минтақавий вакили фаолиятини бу каби ҳолатларга реакция қилмаганликда танқид қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter