Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилиш тартибига ўзгартиш киритилди

Олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилиш тартибига ўзгартиш киритилди

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги қарорига кўра, Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қарорда олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари мусобақалари ғолибларининг олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз кириш имконини берувчи индивидуал ва жамоа турлари рўйхатига аниқлик киритилди.

Аввалги таҳрирда шахмат, шашка бўйича олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш ва пул мукофотини олиш ҳуқуқи акс эттирилган бўлса, эндиликда ҳужжатда кураш миллий спорт тури бўйича ҳам мазкур имтиёзлар қўлланилиши белгиланди.

Шунингдек, халқаро танловлар ва мусобақалар ғолибларини рағбатлантириш тартиби ўзгарди. Авваллари ўқишга киришда имтиёзлар халқаро танловлар ва мусобақалар индивидуал ва жамоа турларида 1-5-ўринларни эгаллаган шахсларга бериларди. Мазкур қарорга кўра, энди республика 1-ўрин ва халқаро танловлар ва мусобақалар индивидуал ва жамоа турларида 1-3-ўринларни эгаллаган шахсларга берилади. Бунда аввалгидек танловлар ва мусобақалар жамоа турларида ғолиблик натижасига кўра жамоалар таркибидан 3 номзод олий таълим муассасасига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолибларини олий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилиш таълим муассасаси ихтисосликлари билан олимпиада фанлари, танловлар ихтисосликлари, спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг