Ўктам Барноев ва Карим Камоловни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилгандик — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога қилган ташрифи доирасида бугун вилоят фаоллари йиғилишида иштирок этмоқда.
«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари мажлис аввалида коронавирусдан вафот этган ҳамюртларимиз, хусусан, бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган Ўктам Барноев ва Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарган Карим Камоловнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
— Бу касаллик, бу бало дўстларимизни, қадрдонларимизни орамиздан олиб кетди. Барча ўтганларни, шу жумладан Ўктам Барноев ва Карим Камоловнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Уларни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни бажаришга ҳаракат қилдик, аммо ўлим ҳақ...
2020 йил тиббиётдаги камчиликларимизни кўрсатиб қўйди. Аҳолининг соғлигига мутлақо бошқача эътибор бериш учун кўп ишларни амалга оширмоқдамиз. Тиббиётни бошқача йўналишда ривожлантириш учун катта қарорлар қабул қилинди.
Ҳар биримиз аввало ўз соғлигимизга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Вазн камайтириш, овқатланиш маданияти ва жисмоний фаоллик барчамиз учун жуда муҳим. Оддийгина пиёда юриш ҳам катта фойда келтиради. Соғлиқда сал муаммо пайдо бўлдими, дарҳол тиббиётнинг бирламчи бўғинига мурожаат қилишимиз керак.
Бизга тиббиёт ва дори-дармон фақат 10 фоиз ёрдам бериши мумкин. Қолган 90 фоизи ўзимизга, турмуш тарзимиз, овқатланиш маданияти ва жисмоний фаоллигимизга боғлиқ.
Ҳозир дунё ўзгармоқда. Харитадаги барча давлат ўз фуқароларини сақлаб қолишга интиляпти. Коронавирус балоси ҳали даф бўлмади, орамизда юрибди. Ўтиб кетди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Европада чиққан коронавируснинг янги тури тезлик билан бошқа давлатларга тарқаляпти, 34 та мамлакатга ўтди. Бизга келмайди, деб ким кафолат бера олади? Ҳеч ким.
Шунинг учун эхтиёт бўлайлик. Мана икки қадрдонимизни йўқотдик. Уларни сақлаб қолиш учун шахсан ўзим қанча ҳаракат қилдим, аммо бўлмади. Шундай экан, хушёрликни қўлдан бермайлик. Айниқса, нуронийларимизни асрайлик, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter