Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғлим калима қайтарайлик деганди — олотлик аёл ҳикояси

Ўғлим калима қайтарайлик деганди — олотлик аёл ҳикояси

Фото: Бухоро вилоят ФВВ

2020 йил, 27 апрел. Бу кун юртимизда энг йирик табиий офатлардан бири рўй берган кун сифатида ҳали кўп эсланади. Xabar.uz мухбири Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманларида бўлди ва кўплаб ёши улуғ одамлардан суриштирди — бунақа шамол илгари бўлганини ҳеч ким эслай олмади. Агар уни шамол, деб атаб бўлса, албатта. Аслида бунақа офатга «бўрон» деган таъриф кўпроқ мос келади.

Олотлик Чинни Қувондиқова ўша бўрон бошланган вақтда ўғли билан бирга кўчада эди. «Ишдан энди чиққандим, ўғлим машинасида олиб кетишга келди. Соат кечки саккизларга яқинлашиб қолганди. Кўчага чиқсак, осмонни қоп-қора булут қоплаб, шамол бошланаётган экан. Аввалига эътибор бермадим, ёмғир ёғиб, ўтиб кетса керак, деб ўйладим», дея эслайди ўша кунни Чинни опа.

Аммо кўп ўтмасдан шамол тобора кучайиб, дўл ёға бошлайди. Сал туриб шамол бўронга айланади ва осмонда шифер ва тунука бўлаклари уча бошлайди. Бу ёғи худди Голливуд фильмларидагидек эди, фақат бу фильмнинг асосий қаҳрамонлари телевизорда эмас, ўша жойнинг ўзида эди.

«Йўлда юриш борган сари қийинлашди. Қулаган дарахтлар, шох-шаббалар оралатиб ўтиб бордик. Шамол катта тунукани учириб келиб, машинага урди. Қаттиқ қўрқиб кетдим», — дейди Чинни опа. Аммо бу ҳали ҳаммас эмас эди. Ҳақиқий қўрқув, ўлим ҳисси сал туриб келди. Йўл четидаги симёғоч сал қолса Чинни опа ва ўғли кетаётган машинани босиб қоларди.

«Симёғоч қулаётганини кўрдим. У бизнинг устимизга тушади, деб ўйладим ва бошимни эгдим. Бахтимизга шундай ёнимизга қулади, аммо бизга тегмади. Шамолнинг охири кўринмасди. Шу вақт ўғлим: «Она, энди калима қайтарсак ҳам бўлар», — деди. Ич-ичимдан қалтираб кетдим. «Болажоним, ўлмаймиз. Ҳеч ким ўлмасин, бу балолар ҳам ўтиб кетади, Аллоҳдан сўрайлик», — деб ўғлимни қучоқлаб йиғлаб юбордим. Машинани бир четда қолдирдик ва уйга амаллаб етиб олдик. Борсам, уйимиз ҳам бир аҳвол бўлиб турибди. Ёшим олтмишга яқинлашди, аммо бунақа офатни шу вақтгача кўрмаганман.

Шамол бир соатча давом этди. Ҳақиқий талофотни эртаси куни билдик. Уйларнинг шифери қолмаган, шамол шунақа кучли бўлганки, ҳовлимиздаги айвонни таг-туби билан учириб кетибди. Уни икки кўча наридаги хонадондан топиб келишди. Шиферлари қолмабди, фақат темир устун ва тўсинларини қайтариб келдик. Шамол шундай зил-замбил нарсани 400-500 метр нарига учириб кетганига нима дейсиз?» — дейди Чинни Қувондиқова.

Бўрондан сўнг Олот ва Қоракўлда 15 кун давомида электр, табиий газ ва мобил алоқа бўлмади. Ҳозир табиий офат асоратлари деярли қолмаган. Зарар етган барча биноларда тиклаш ишлари олиб борилди. Ҳозирга қадар ҳам таъмирлаш ишлари тўхтамаган.

Бухоро вилоят ФВВ матбуот хизмати Xabar.uz ахборот-таҳлилий порталига табиий офат оқибатлари ва уни бартараф этиш ишлари тасвирланган суратларни тақдим этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг