Одамлар гўшт емай қўйиши тахмин қилинмоқда
Дунёда сут ва гўшт истеъмолининг кескин камайиши кузатилади. «Danone» француз компанияси директорлар кенгаши раиси Эммануэль Фабер ана шундай прогноз билан чиқди. Унинг сўзларини «Lenta» келтиради.
Фабернинг сўзларига кўра, сут маҳсулотлари истеъмоли 20 фоизга, гўшт истеъмоли эса тенг ярмига қисқаради. Бу тамойилни у одамларнинг ҳайвон ўрнига бошқа маҳсулотларни излаётгани билан изоҳлади. Фабернинг айтишича, замонавий таомнома одамларнинг соғлигига тўғри келмайди, қишлоқ хўжалиги техникаси эса, охир-оқибат, тупроқнинг заифлашишига олиб келади. «Danone» раҳбарининг тахмин қилишига қараганда, бор-йўғи битта авлоддан кейин тупроқ унумдорлиги йўқолиши мумкин.
«Euromonitor» ҳисоб-китобларига кўра, сут маҳсулотларининг ўрнини босувчи маҳсулотларнинг жаҳон бозори бу йил 18 миллиард доллардан ошади (2018 йил билан таққослаганда 3,5 фоизга кўп). Шунга қарамай, бозорда сут етакчилик қилмоқда — у қарийб 120 миллиард долларни ташкил этади. Сигир сути савдоси сўнгги тўрт йил давомида пасайган. Масалан, сули сути охирги йилда 36 фоизга — 53 миллион долларга кўтарилган.
Ноябрнинг ўрталарида Американинг сут ишлаб чиқарувчи «Dean Foods» йирик компанияси банкротга учраганлигини эълон қилганди. Бу савдо-сотиқнинг пасайиши натижасида юз берди. Бу америкаликларнинг табиий сутни камроқ, унинг ўрнига ўсимликлардан олинган сутларни кўпроқ истеъмол қила бошлагани билан изоҳланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter